Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги «Қорасу» автомобил ўтказиш пунктида Қирғизистон томон ҳаракатланаётган 400 га яқин юк машинаси тўпланиб қолди. Бу ҳақда Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, транспорт оқимининг ошиши вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, бунга бир нечта омил сабаб бўлган.
«Юк машиналарининг тўпланишига халқаро юк ташувларининг мавсумий равишда кўпайгани, шунингдек, Қирғизистон ҳудудида юк транспортлари ҳаракатига жорий этилган ҳарорат чекловлари таъсир кўрсатган», дейилади хабарда.
Навбатни камайтириш учун Қозоғистон томони чегара хизматлари ишини кучайтирган ва айрим юк машиналарини қўшни назорат пунктларига йўналтира бошлаган. Шу билан бирга, вазиятни мувофиқлаштириш бўйича Қирғизистон идоралари билан музокаралар олиб бориляпти.
Кутиш вақтининг узоқлиги қўшимча харажат ва етказиб бериш муддатларининг чўзилишига олиб келиши ҳамда минтақавий савдога салбий таъсир кўрсатиши мумкин.










