Спорт | 13:00 / 07.10.2018
76664
4 дақиқада ўқилади

Хабиб дисквалификация қилиниши, унинг камари олиб қўйилиши ва унга жанг учун гонорар ҳам берилмаслиги мумкин

АҚШнинг Невада штатида, Лас-Вегас шаҳрида UFC 229 турнири доирасида ирландиялик Конор Макгрегор ва россиялик Хабиб Нурмагомедов ўртасида жанг бўлиб ўтди. Доғистонлик жангчи жанг давомида устунлик қилди ва 4-раундда рақибини бўғиш усули орқали таслим қилди.

«T-Mobile Arena» аренасида кечган жанг якунида оммавий муштлашув келиб чиқди, бу жанжални Хабиб Нурмагомедов бошлади. У рақиб мағлубиятини тан олгач, уни ҳақоратлади, унинг қафас ташқарисидаги тарафдорлари томон оғзидаги капасини тупурди ва қафасдан чиқиб, уларга ташланди. Кейин октагонга Нурмагомедов жамоаси вакиллари (Нурмагомедовнинг менежери Ризван Магомедов, чеченистонлик UFC жангчиси Зубайр Тухугов ҳамда самбо бўйича Россиянинг собиқ чемпиони Эседулла Эмиргаев) чиқиб келишиб, Макгрегорни дўппослай бошлашди.

Вазиятга полиция ва қўриқчилар аралашиб, жанжални тўхтатди. UFC президенти Дэйн Уайт аренага йиғилган минглаб ирландиялик мухлислар қаршисида Хабибга камарни бера олмаслигини маълум қилди, лекин у жанг ғолиби сифатида эълон қилинди.

Дэйн Уайтнинг айтишича, бу можаро туфайли Хабиб Нурмагомедов дисквалификация қилиниши, бунинг ортидан титулдан маҳрум қилиниши, шунингдек, жанг учун гонорардан маҳрум этилиши мумкин. Жанжал юзасидан Невада штати атлетлар комиссияси текширув олиб боради.

Ҳозирда комиссия Нурмагомедовга жанг учун тўланиши кўзда тутилган 2 миллион долларлик гонорарни тўхтатиб қўйган. Аввалига комиссия Макгрегор учун ҳам тўловни (3 миллион доллар) тўхтатмоқчи эди, аммо воқеа тасвирлари ўрганиб чиқилгач, тўлов амалга оширилишига розилик берилган.

Эндиликда Макгрегорнинг гонорари маъқулланган, Нурмагомедовнинг гонорари текширув тугагунча музлатиб қўйилган. Бундан ташқари, спортчиларга телетрансляциялардан тушган маблағдан улуш ваъда қилинганди.

«Юзага келган жанжал туфайли Хабибдан чемпионлик камари тортиб олинмаслигига кафолат бера олмайман. Биз Невада спорт комиссияси қарорига бўйсунамиз. Менимча, комиссия кескин қарор қабул қилади.

Бугун ҳукумат аъзолари томошага келишганди, можаро бошлангач, улар зудлик билан ҳудудни тарк этишди. Бу жуда хунук ҳолат. Энди Хабибда муаммолар юзага келади.

Мен Конор жамоаси жангчиларидан бири Хабибни ўзига чорлаганини кўрдим. Хабиб ўзини тутиб тура олмади. Хабиб жамоасидаги икки йигит эса октагонга чиқди ва Конорга ортдан ҳужум қилишди. Мен кўрганлар шу.

Невада атлет комиссияси воқеа тафсилотларини ўрганади. Конорни ҳеч нарсада айблашмаяпти. Хабиб ва унинг жамоаси аъзолари эса шубҳа остида. Хабиб жамоасидаги уч йигитни қўлга олишди, аммо Конор Макгрегор полицияга бу шахслар устидан даъвоси йўқлигини билдиргач, уларни қўйиб юборишди. 

Реваншми? Комиссия қарорини кутишимиз керак: Хабибга яна виза бериладими ёки уни депортация қилишадими? Мен ҳозирча нима бўлишини билмайман.

Агар Хабибни узоқ муддатга четлатишса, биз уни титулдан маҳрум қилишга мажбур бўламиз. Хабиб октагондан ҳақиқий ғолиб бўлиб чиқиши ҳам мумкин эди. Унда бундай оқшом бўлмаслиги керак эди. У нотўғри ҳаракатлар қилди», – деган Уайт жангдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид