Охирги бир йил ичида ўзбекистонлик боксчилардан бир неча нафари профессионал боксга ўтди. Улардан бири – Рио Олимпиадаси совриндори, ҳаваскор боксда Осиё ва жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов ҳозирга қадар проф-рингда 5 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида (4 та нокаут) ғалаба қозонди. Биз унинг таътил учун қисқа муддатга Ўзбекистонга келганидан фойдаланиб, интервью учун таҳририятимизга таклиф этдик.
Шаҳрам Ғиёсов «Kun.uz» билан суҳбат давомида турли мавзуларда, хусусан Америкадаги ҳаёт уни шахс сифатида қанчалик ўзгартиргани, профессионал ва ҳаваскор боксдаги мураббийларнинг талаби ўртасидаги фарқ, Токио Олимпиадасига бориши ёки бормаслиги, профессионал боксда рақиб танлаш жараёни қандай кечиши, ҳозирги ўзбек боксчилари орасидан кимни ўзига муносиб рақиб деб билиши, Рой Жонснинг услубларини ўргангани ҳақида гапириб ўтди.
Рио Олимпиадаси совриндори, шунингдек, навбатдаги жанги ва профессионал боксчининг кун тартиби борасида ҳам маълумот берди. У ғалабани Роналду услубида нишонлаш фикри қаердан пайдо бўлгани, ота-оналар фарзандини боксга беришдан ҳайиқиши ва бу босқич унда қандай кечгани, ўз ўғли боксни танлаган тақдирда бунга қандай муносабатда бўлиши, профессионал спортчининг ўзини тутиши ва хулқи ҳақидаги мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди.
Видео: Facebook
Видео: YouTube
Видео: TasIX
Қуйида суҳбатнинг айрим ўринларидан парчаларни келтириб ўтамиз.
- Америкага кўчиб ўтмасидан олдинги Шаҳрам билан ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор?
- Мусофир юртда юрганингизда, соғиниш туйғуси бўлади. Бу ерда бизга ҳурмат-эътибор катта. У ёқда эса бизни ҳали ҳеч ким танимайди. Бу ҳар бир инсон учун керакли тажриба, деб ўйлайман. Негаки, кўтарилганидан сўнг, кўп инсонлар юлдузлик касалига учрайди. Бизнинг у ёққа кетишимиз бизни ана шундан сақлайди.


















