Ўзбекистонга инвестиция киритиш ва туризмни ривожлантириш йўлидаги энг катта тўсиқ бу - ҳаво йўллари, уни муайян техник талабларни бажарувчи барча мамлакатлар учун очиш керак. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен KUN.UZ мухбирига шу ҳақида интервью берди.

"Туркия туризм соҳасида илғор мамлакатлар қаторида эканини ҳамма яхши билади. Мамлакат фақатгина туризмнинг ўзидан 30 миллиард доллар даромад кўради. Туркия энг кўп сайёҳ қабул қилувчи топ давлатлар бешталигидан ўрин олган. Шу сабабли ўзбек қардошларимиз бу соҳани ривожлантириш борасида Туркия тажрибасини ўрганиш тарафдори, зеро Ўзбекистоннинг туризм борасидаги салоҳияти жуда катта", - дейди элчи.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг салоҳияти айниқса зиёрат туризми, табиий туризм ва умуман ихтисослашган туризм турлари бўйича юқори. Туркия эса бу йўналишларда катта тажрибага эга. Аҳмад Башар Шеннинг маълум қилишича, ўзбекистонлик мутахассислар Туркияга бориб, у ердаги музейлар фаолиятини ўрганишмоқда, икки мамлакат бир неча марта делегациялар билан алмашган.

"Бундан ташқари, Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш керак. Бу йўналишда инфратузилмани бутунлай қамраб олувчи ягона дастур тузиб олиш лозим. Туркия томон бу иш бўйича ўз мутахассиси Содиқ Бадакни Ўзбекистонга таклиф этди. Туризм соҳасида яна бир мутахассисимиз уч ой "Ўзбекистон ҳаво йўллари"да ишлади. У тизимни такомиллаштириш устида иш олиб борди. Булар бари тизимли масалалар", - қўшимча қилади у.

Элчининг таъкидлашича, Туркияда Ўзбекистонга туризм соҳасига инвестиция олиб кириш ҳақида эълон қилинган. Бугунга келиб Ўзбекистонда, жумладан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида  меҳмонхона қуришни бошлаган туркиялик ишбилармонлар билан бирга меҳмонхона қуриш истагидаги яна бошқа кишилар ҳам бор.

"Ўзбекистонга келиб, инвестиция киритиш, унинг ривожига ҳисса қўшиш истагидаги ишбилармонлар талайгина, бироқ бу йўлда бир муаммо бор - Ўзбекистон ўзининг ҳаво йўллари тизимини очиши керак. Масалан, Туркияга дунёнинг турли бурчакларидан парвозлар амалга оширилади, хоҳлаган одам хоҳлаган шаҳрига келиб кетаверади. Энг кўп сайёҳ Россиядан, яъни унинг турли шаҳарларидан келади - 2018  йилнинг илк саккиз ойидаёқ 6 миллион россиялик Туркияга саёҳат қилган. Туркияга парвозларнинг техник шартлари бор, масалан, бу ерга келувчи самолётларнинг ишлаб чиқарилганига 50 йилдан кўп вақт ўтмаган бўлиши керак. Шу каби техник жиҳатлар мувофиқ келса, ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ўзбекистон эса бу борада анча ривожланиши лозим - бу ерга барча республикалардан самолётлар парвоз қилиши муҳим. Шунда ўз-ўзидан Ўзбекистонга сармоя олиб кирувчи инвесторлар сони кўпаяди, табиийки туризм шиддат билан ривожланади",