
Ўзбекистон бўйлаб тўрт қисмдан иборат ҳожатхона конструкциялари ўрнатилмоқда. Айни дамда қуёш панеллари ёрдамида уларни тўлиқ автономлаштириш устида иш олиб борилмоқда. KUN.UZ мухбири "Ипак йўлида туризм" кўргазмаси доирасида RiaBuildingConstructionGroup компанияси директори Аслиддин Туксанов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
"Мазкур йўналишда биз Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Бугунга келиб биз Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида сайёҳлар учун ҳожатхона конструкцияларини ўрнатдик. Яқинда Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Мақом фестивали олдидан у ерда ҳам ҳожатхоналар ўрнатилди. У ерда ўрнатган ҳожатхоналар тўрт қисм - эркаклар, аёллар ҳожатхонаси, имконияти чекланган кишилар учун ҳожатхоналар ҳамда юртимизда зиёрат туризми ривожланаётганини инобатга олган олган ҳолда таҳорат хоналаридан иборат", - дея маълум қилади Аслиддин Туксанов.

Уларнинг қулайлиги шундан иборатки, бундай ҳожатхоналарни қуришга ҳожат йўқ, конструкцияларни керакли жойга олиб бориб жойлаштирилади, холос.
"Ҳозир биз уларни 100 фоиз автономлаштириш устида иш олиб боряпмиз. Улар сув батлари билан таъминланган бўлиб, қуёш батареяларида ишлайди. Энди бойлерларни ҳам қуёш батареяларига боғлаш вариантини кўриб чиқяпмиз. Улар нархига кўра ҳам рақобатбардош бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Келгусида барча ҳожатхона конструкцияларимиз тўлиқ автоном бўлишига эришишни режалаштиряпмиз, яъни қандай ҳудудга жойлаштиришингиздан қатъи назар, уларда чироқ ва сув бўлади", - дейди мутахассис.

Аслиддин Туксановнинг таъкидлашича, бу ҳали нисбатан ёш лойиҳа. Бугунга келиб ҳожатхона конструкциялари Тошкент вилоятининг сайёҳлар кўп ташриф буюрувчи бир неча ҳудудларида ўрнатилган бўлса, ҳозир яна бошқа туристик зоналарда ўрнатишга доир лойиҳалар бор. Шаҳрисабз шаҳрида олтита катта автоном ҳожатхона ўрнатилди. Айни дамда Хоразм ва Самарқанд вилоятлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Маълум бир келишувга эришилганидан сўнг ишга киришилади.
"Ҳаммаси энди бошланяпти. Насиб қилса, йилига минглаб конструкция ўрнатадиган дарвлар ҳам келиб қолар", - дея умид билдиради у.
Компания Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари билан биргаликда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар эҳтиёжларини ўрганишда давом этади. Бу борада мутахассислар қатор хорижий мамлакатларда ҳам бўлиб, уларнинг тажрибасини ўрганишган.








