Спорт | 18:10 / 14.10.2018
24501
2 дақиқада ўқилади

«Челси» Азарни «Реал» ҳужумчисига алмашмоқчи

«Челси» ўз вингери Эден Азарни «Реал»га ўтишига қаршилик қилмаслиги мумкин. Бунинг учун мадридликлар лондонликлар қўйган шартга кўниши лозим бўлади, деб маълум қилди Sunday Express.

Нашрнинг аниқлашича, «аристократлар» раҳбарияти бельгиялик аъзосининг «қироллик клуби»га ўтиш истаги борлигини яхши тушуниб тургани боисидан барча учун мақбул ечим топишга уринмоқда. Вариантлардан бири сифатида Азарни «Реал» ҳужумчиси Гарет Бэйлга алмаштириш эҳтимоли кўриб чиқиляпти.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Азар журналистлар билан суҳбатда «Реал»га ўтиш унинг орзуси эканини очиқ айтган эди.

«Ўзим учун яхшироқ қарорга келишни истайман, аммо клубга зарар етишини хоҳламайман, чунки «Челси» менга ҳамма нарсани берди. «Ҳа, янги шартнома имзолайман», дея олмайман. Шундай экан, нима бўлишини кўрамиз», - дея таъкидлаган эди Эден Азар.

«Хаёлимда, баъзан ўйларимда эрталаб уйғониб, кетишни исташим ҳақида ўйлаб қоламан. Баъзида эса қолишни хоҳлайман. Бу – қийин қарор. Бу – менинг келажагим. Мен 27 ёшдаман, январда 28 га тўламан», - дея қўшимча қилганди бельгиялик вингер.

Маълумот учун, «Челси»нинг Азар билан шартномаси 2020 йилгача, «Реал»нинг Бэйл билан келишуви 2022 йилгача мўлжаллаб тузилган.

Мавзуга оид