Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов Around The Rings нашрига интервью берди.
ATR’га берган эксклюзив интервьюсида Ғофур Раҳимов уюшган жиноятчилик билан алоқадор экани ҳақидаги гап-сўзларни рад этган.
Умуман олганда, Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA)нинг хулосаларига қўшилмаган. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) эса унинг иштирок этишини исташмаётгани ҳақида аниқ билдирди.
«Келаси ой AIBA аъзолари қурултойимизда муҳим танловни амалга оширишмоқчи ҳамда улар асосланган қарорни қабул қилишлари учун барча ҳақиқатни билишлари лозим. Ҳақиқат шундан иборатки, мен ҳеч қачон трансмиллий жиноий ташкилотларда иштирок этмаганман», - дея таъкидлаб ўтди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Халқаро олимпия қўмитаси Ғофур Раҳимовга 2018 йилги Ўсмирлар олимпия ўйинларига ташриф буюришни тақиқлаб қўйди.
«Мени АҚШ Молия вазирлиги санкциялар рўйхатига киритиш бўйича қарор Ўзбекистон собиқ расмийларининг диктатура режими томонидан босими ва репрессиялари оқибатида келиб чиқди. Гулнора Каримова ва унинг атрофидагилар менинг компанияларим уларнинг лойиҳаларини молиялаштириши ҳақида сўрашган, аммо мен рад этганман. Шунда улар менга босим ўтказа бошлашди, бизнесимни йўқ қилиш мақсадида АҚШ Ғазначилиги департаментига жиноий гуруҳлар билан алоқалар борасида ёлғон маълумот тақдим этишди. Ўша вақтларда Гулнора Каримова мамлакатда катта таъсирга эга эди, шунинг учун 2010 йилда оилам билан ватанимни ўз хавфсизлигим нуқтаи назаридан тарк этишга мажбур бўлдим», - деди у.
Ғофур Раҳимовнинг таъкидлашича, ўз номи АҚШ Молия вазирлиги «қора рўйхати»дан чиқариб ташланишига эришишга ҳаракат қилади.
«Бу жуда мураккаб жараён, аммо менинг адвокатларим катта муваффақиятларга эришди ва «хато» келгуси уч-олти ой давомида тузатилади», - дея таъкидлаб ўтди у.
Дарвоқе, Ўзбекистон ҳукумати бу жараёнда муҳим ўрин тутади. Жорий йилнинг 18 сентябрь куни республика бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов томонидан имзоланган мактуб AIBA ижроия қўмитаси ва унинг одоб-ахлоқ бўйича қўмитасига юборилди.
«Агар етакчи олимпия халқаро федерацияларидан бири бўлган AIBA’га Ўзбекистон фуқароси раҳбарлик қилса, бу мамлакатимиз учун шараф бўлади. Агар ноябрда бокс ассоциациясининг конгрессида у президент этиб сайланса, унда Ўзбекистон ҳукумати Ғофур Раҳимовни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, Ғафур Раҳимовнинг ўтмишдаги жиноий фаолиятига оид барча иддаолар асоссиз далилларга эга ва адолатсиз ҳисобланади», - дейилади Ўзбекистон ҳукуматининг мактубида.















