Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги Реституция битими доирасида “Ишонч” жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилган илк соғлиқни сақлаш дастури якунланди. Лойиҳа доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш учун 43,5 миллион АҚШ доллари йўналтирилди, деб хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, “Ишонч” жамғармаси Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасидаги Реституция битими асосида ташкил этилган бўлиб, биринчи президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг ноқонуний активларни Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари йўлида шаффоф ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида сарфлашни назарда тутади. 

Хабарга кўра, 2023 йил сентябрь ойида бошланган “Ҳар бир она ва бола яшайди ҳамда ривожланади: Ўзбекистондаги перинатал марказларда оналар ва болалар ўлимини қисқартириш” лойиҳаси муваффақиятли якунланди.

Мазкур дастур “Ишонч” жамғармаси томонидан молиялаштирилган илк лойиҳа бўлиб, UNICEF, UNFPA ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамкорлигида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 43,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш, перинатал хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилди.

Дастур доирасида республика бўйлаб 231 та перинатал муассаса замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Хусусан, қарийб 31 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ эвазига инкубаторлар, сунъий нафас олдириш аппаратлари, анестезия тизимлари ва бошқа замонавий тиббий ускуналар харид қилиниб, ҳудудлардаги перинатал марказларга етказиб берилди.

Шунингдек, 80 мингдан ортиқ тиббиёт ходими замонавий перинатал ёрдам, мураккаб ҳомиладорлик ҳолатларини бошқариш, муддатидан олдин туғилган чақалоқларни парваришлаш ҳамда лаборатория диагностикаси бўйича малака оширди.

Лойиҳа доирасида оналик ва янги туғилган чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 49 та клиник протокол ишлаб чиқилди ёки янгиланди.