Швейцария Федерал жиноят суди бош офиси Женевада жойлашган Lombard Odier банкини Гулнора Каримова билан боғлиқ пул ювиш жиноятининг амалга оширилишига йўл қўйиб берганликда айбдор деб топиб, 3 млн франк (3,68 млн доллар) миқдорида жарима жазосини қўллади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Суд изоҳига кўра, Lombard Odier томонидан пул ювишнинг олдини олишга қаратилган “барча зарурий ва лозим даражадаги ташкилий чоралар кўрилмагани” туфайли банкка жарима солишга қарор қилинган.

Lombard Odier'нинг собиқ ходими (ҳужжатларда C. деб тилга олинган) 24 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бундан ташқари, суд ҳукмига асосан, 400 млн франк (қарийб 490 млн доллар)дан ортиқ активлар мусодара қилинади.

Суд банк ва унинг собиқ ходимига нисбатан жазо тайинлашда 2011 йил июл ойидан олдинги ҳодисаларни даъво муддати ўтиб кетгани сабабли айбловдан чиқариб ташлаган.

Lombard Odier суд ҳукмига муносабат билдираркан, 2012 йилда мазкур жиноят ишининг қўзғатилишига айнан банкнинг ўзи томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шубҳали операциялар ҳақида хабар берилгани асос бўлганини билдирди. Банк ўша пайтда ҳам пул ювишга қарши самарали ички назорат тизимлари мавжуд бўлганини билдириб, суд ҳукми устидан шикоят қилишини маълум қилди.

Мазкур иш бўйича прокурорларнинг айблов хулосасида Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова порахўрликда, “Офис” номли уюшган жиноий тузилмани бошқаришда ва ноқонуний йўллар билан орттирилган миллионлаб доллар маблағларни 2005-2013 йилларда Швейцариядаги ҳисобварақларга кўчириш орқали ювишда айбланган. Ўзбекистонда жазо ўтаётган Каримованинг ўзи эса барча айбловларни рад этган.

Швейцария Федерал жиноят судидаги ушбу маҳкама жорий йил апрел ойида бошланган эди. Илк суд мажлисларида ишнинг Гулнора Каримовага оид қисми унинг ўзи суд процессида иштирок этмаётгани сабабли иш юритувидан тўхтатилган.

Шунингдек, Каримованинг Россияда яшаши айтиладиган, ҳужжатларда B. инициали билан белгиланган бизнес шеригини ҳам судга жалб этиш имкони бўлмагани туфайли, ишнинг унга оид қисми ҳам тўхтатилганди.