Ҳар йили дунё бўйлаб глобал ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан 5 фоизигача бўлган миқдорда пул ювилади. Буни суммага чақсак, реал кўрсаткич 2,3 трлн доллардан 5,8 трлн долларгача етиши мумкин. Коррупция, фирибгарлик, одам савдоси каби жиноий йўллар билан тўпланган “қора” пуллар қандай қилиб “оқартирилади?” Нега Кайман ороллари, Кипр ва Британия Виржиния ороллари каби офшор ҳудудлар дунё бойларининг севимли манзилига айланган?

Мигел – Лотин Америкасидаги кенг тармоқли наркокартел раҳбари. У жиноятчилик ортидан миллионлаб доллар пул тўплаган.

Андрей эса – юқори лавозимда ишловчи амалдор, катта бир ташкилот раҳбари. У қуриб битказилган уйларга лицензия беради. Миллионлаб доллар активларга эга йирик компаниялар Андрей билан ҳисоблашишга мажбур – қоидаси шунақа, йўқса қурган биносини ҳеч кимга сота олмайди. Унинг чет давлатларда қўша-қўша уй ва виллалари борлиги ҳақида миш-мишлар юради.

Жек – охирги йилларнинг энг муваффақиятли тадбиркорларидан бири. Кремний водийсидаги технологик корпорациянинг миллиардер эгаси.

Таърифлаганимиз бу уч хил одамни битта нарса бирлаштириши мумкин – ноқонуний топилган даромадлар.

Мигелда банкка қўйиб бўлмайдиган бир неча қоп пул бор. Андрей пора эвазига бойлик тўплаган, уларни яшириши керак. Жек эса олинган фойдасини солиқ хизматидан беркитиш ҳақида ўйлаяпти.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб глобал ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан 5 фоизигача бўлган миқдорда пул ювилади. Фоизни рақамлар кўринишига келтирадиган бўлсак, реал кўрсаткич 2,3 трлн доллардан 5,8 трлн долларгача етиши мумкин. Таққослаш учун, фақатгина иккита давлат – АҚШ ва Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти 5,8 трлн долларда каттароқ.

Яна бир парадокс шундаки, глобал молия тизими орқали ювиладиган жиноий даромадларнинг атиги 0,2 фоизи музлатилади ва мусодара қилинади. Қолган 99,8 фоизи муваффақиятли тарзда қонуний иқтисодиётга аралаштириб юборилади.

Хўш, коррупция, фирибгарлик, одам савдоси каби жиноий йўллар билан олинган “қора” пуллар қандай қилиб “оқартирилади?” Нега Кайман ороллари, Кипр ва Британия Виржиния ороллари каби ҳудудлар дунё бойларининг севимли манзилига айланган?

“Содда иқтисодиёт” рукнида бу гал Ал Капоненинг кирхоналари ва Гулнора Каримовадан тортиб, Apple'нинг "арвоҳ офислари"гача бўлган мураккаб схемаларни оддий тилда тушунтириб берамиз.