Жамият | 14:24 / 23.10.2018
8167
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда эр-хотин ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмди

2018 йилнинг 18 октябр куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани «Кенг кичик» МФЙ Фаровон кўчаси 12-уйда истиқомат қилиб келган 2 нафар фуқаро (эр-хотин) ис газидан заҳарланиб, ҳаётдан бевақт кўз юмди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу фожиага хонадон ертўласига ўрнатилган қўлбола (сертификатланмаган) сув иситиш анжоми сабаб бўлган. Мутахассислар хулосасига кўра, газда ишловчи сув иситиш анжомига дудбурон ўрнатилмаганлиги хамда ертўлада ҳаво алмашиш туйнуги бўлмаганлиги оқибатида, табиий газни чала ёниши ва ис гази ҳосил бўлиши юзага келган. Ертўлада тўпланган ис гази (ҳаводан енгил) ётоқхонага кўтарилган ва хонадон эгаларининг ҳалокатли заҳарланишига олиб келган.

“Кириб келаётган иситиш мавсумида газ ва бошқа муқобил ёқилғи турларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига амал қилинг. Қўлбола ва сертификатланмаган иситиш анжомларидан фойдаланманг. Ис газидан заҳарланишдан ўзингиз ва яқинларингизни асранг”, - дейилади хабарда.

 

Мавзуга оид