Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида тўйи белгиланган йигит ва қиз машина ичида ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Millar дастури хабар берди.
Маълум қилинишича, 16 июл куни соат 23:53 да Ангрен шаҳрида яшовчи аёл Тошкент вилояти ИИББ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилган. У мурожаатида 26 ёшли синглиси ва 31 ёшли бўлажак куёви Gentra машинасида уйдан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини айтган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида йигит ва қизнинг жасади гараж ичида турган Gentra’дан ис газидан заҳарланиш аломатлари билан топилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш, бош мия ва ўпка шиши ҳамда ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.
“17 июл куни эрталаб хабар топдим. Воқеа жойига борсам олиб кетишган экан. Йигит бизнинг маҳаллада яшарди. Ота-онаси ўқитувчи, зиёли оила эди. Оилада ҳеч қандай жанжал ёки муаммо бўлганини эшитмаганмиз. Тўйга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда азага айланди”, деган маҳалла раиси.
Ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.











