Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология маркази ташкил этилади.
Ҳужжатда айтилишича, мазкур қарор етакчи хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда илмий-диагностик, таълим ва ишлаб чиқаришга оид инновацияларни ривожлантириш, аллергик касалликларни диагностика қилиш ва даволашнинг молекуляр ва бошқа илғор усулларини татбиқ қилиш ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида қабул қилинди.
Халқаро марказ фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ультразамонавий биологик микрочипларни қўллаш орқали аллергик касалликларни диагностика қилиш соҳасида инновацион технологияларни ривожлантириш, шунингдек, шу каби касалликларни даволаш ва профилактика қилиш;
- аллергик касаллик шунингдек, шошилинч маълумотларни ўз ичига олувчи "аллергик паспорт" яратиш;
- aллерген ўсимликлар гулчангининг аэробиологик мониторингини ва чанглатиш прогнозини аниқлаш, келryсида бу ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аллергенли ўсимликларнинг гуллаш тақвимини яратиш;
- озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалашни анафилактик реакция ривожланиш хавфи мавжудлигини инобатга олган ҳолда жаҳон стандартларига мослаштириш ва уларни озиқ-овқат саноатига босқичма-босқич жорий этиш;
- молекуляр аллергология соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш ва тадқиқотларни амалга оширилишида кўмаклашиш;
- молекуляр аллергология бўйича врачлар малакасини ошириш ўқув дастурларини ва услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;
- молекуляр аллергология соҳасида мутахассисларни шартнома асосида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;
- молекуляр аллергология соҳасида фаолият юритаётган ёш олимлар ва хорижлик экспертларни ҳамкорликка жалб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- халқаро илмий-техникавий ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришда иштирок этиш, жумладан, молекуляр aллергологияни ривожлантириш учун жамғармалар ва халқаро дастурлар грантларини жалб қилиш орқали хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда илмий-техникавий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш.
Халқаро марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази, Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
















