27 октябрь ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блокнот тутган олти кишининг ариқ сувида донг қотган ҳолати тасвирланган суратни муҳокама қилишди. Kun.uz мухбирлари суриштируви давомида ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги майдонида юз бергани аниқланди.

Kun.uzʼга етиб келган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари — Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи — Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи — Шароф Аҳмедов, “Озод” МФЙнинг оқсоқоли — Зокир Мусабеков, “Мавлонбой ота” фермер хўжалигини раҳбари — Аброр Мавлонов, “Абдуносир” фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлиб чиқди.
Маълум қилинишича, раҳбарлар ғаллани ўз вақтида суғормаган масъул ва фермерларни шу кўринишда жазолаган. Ушбу маълумотни аниқлаштириш мақсадида 27 октябрь куни кечки маҳал Оққўрғон туманига йўл олдик. Ҳокимлик биноси одамлар билан гавжум бўлиб турганидан англадикки, йиғилиш энди якунига етган. Шу заҳоти, туман ҳокими Фарҳод Омонов бизни қарши олиб, воқеанинг тафсилотларини айтишга тушиб кетди.

“Ғалла экиш бўйича туман ҳокими ўринбосари (Шерзод Муродов - таҳр.) борганда, қилинган ишларнинг барчасини таҳлил қилмоқчи бўлган. Икки нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари, ўзининг (қўл остидаги) ходимлари, сув хўжалиги бошлиғи билан биргаликда бўлган. Ғалла экилгандан кейин, сув қўйилиши керак. Лекин, ғалла экилган жойда сув қўйилмаган, ёнидаги ариқда эса сув оқиб ётибди.“Мана сув бор-ку! Нега сув қўймайсан?”, деган пайти, сувга ўзи тушиб кетган. “Мана — сув! Бу ёққа кел, сен ҳам сувни кўргин”, деб туриб, қолганларни ҳам сувга...”, дейди у.
Омоновнинг айтишича, туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов ушбу текширувга раҳбарлик қилган ва “ғаллага бўлган талабини кўрсатмоқчи бўлган”.
“Ғаллани биринчигача (1 ноябрь - таҳр.) экиб бўлишимиз керак. Бу пайтда суғориб, чиқариб юбориш керак. Шунга, талаб сал кучайтирилган. Нотўғри қилган. Шунинг учун, биз буни муҳокама қилдик. Ўзидан тушунтириш хатини олдик. Бундан ташқари, энг кам иш ҳақининг 5 бараварида маъмурий жазога тортилди. Бу воқеа ўтган куни, тушдан сўнг бўлганди”, дейди туман ҳокими Фарҳод Омонов.
Видео:















