Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” – оилалар мустаҳкамлиги учун хизмат қилади
Бугун «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ёш келин-куёвлар, тажрибали тренерлар, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.


Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими қошида ташкил этилган мазкур мактабнинг очилиш маросимида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоевлар сўзга чиқиб, юртимизда ёшларнинг онгига оила муқаддас неъмат эканлигини сингдириш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада чуқурлаштириш масалалари ҳақида таъкидлаб, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” мустаҳкам ва намунали оилалар кўпайишига сезиларли ҳисса қўшишини айтиб ўтишди.

- Ёшларнинг тақдири боғланадиган, бир бутун бўладиган маскан бу – ФҲДЁ бўлими. Ёш оила илк қадамини айнан шу ердан бошлайди. “Бўлғуси келин-куёв инновацион мактаби”нинг ФҲДЁ бўлими қошида ташкил этилаётгани ҳам бежиз эмас, албатта. Бундай мактабларни эса кўпайтиришимиз лозим. Чунки оила илмини эгаллаш ёшлар учун ҳар доим керак. Шунинг учун биз Ёшлар иттифоқи ҳам ҳудудларимиздаги Ёшлар марказларида ташкил этилган тўгараклар сафига оила ҳақидаги дарсларни ҳам киритмоқчимиз. Чунки бола ёшлигидан оила муқаддас эканлигини, уни мустаҳкам сақлаш учун етарли билимга эга бўлиши ва лозимлигини билиши керак, – деди Қ.Қуронбоев.

Тадбирда 50 йилдан буён бирга яшаб келаётган ибратли оила, элимиз ардоғидаги санъаткорлар Лутфулла Саъдуллаев ва Гулчеҳра Саъдуллаевалар бир-бирини тушуниб, ардоқлаб, ҳаёт синовларини биргаликда енгиш сирлари ҳақидаги ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.



Сўнгра “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да 15 жуфт оила қуриш остонасидаги ёшлар учун 1-дарс бошланди.

- Мен 26 ёшман. Ҳозирда ишлаш билан бирга Молия институтида магистратура босқичида таҳсил оламан. Яқинда биз Шайхонтоҳур туманидаги ФҲДЁ бўлимига никоҳ тузиш мақсадида ариза топширдик. 18 ноябрь куни тўйимиз бўлади. Бугун оила қуриш остонасида турган ёшлар учун йўл-йўриқ кўрсатиш, уларга ҳар хил низоли вазиятларда тўғри қарор чиқариш учун кўмак бериш мақсадида ташкил қилинган “Бўлғуси келин-куёв инновацион мактаби”нинг илк тингловчилари бўлиб, оила илмига бағишланган илк ўқув-машғулотда қатнашиб турганимиздан хурсандмиз. Тўғриси, 1-дарс жуда қизиқарли ва фойдали бўлди. Малакали психолог ва тренер Венера Эрматова ҳар бир ёшнинг ҳаяжонини ҳис қилган ҳолда оилани мустаҳкамловчи омилларга бағишланган дарсни психологик тренинглар билан ўтиб берди. Бу машғулотларни охиригача қатнашамиз, – деди Саидазизхўжа Саидхўжаев.

Дарс якунида бўлғуси келин-куёвларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан оилавий ҳаёт асосларини ўргатишга бағишланган илмий ва бадиий адабиётлар тўплами совға қилинди.

Инновацион мактабда қандай йўналишларда мастер-класслар ўтказилади?
- оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари;
- оила иқтисодиёти, рўзғор ва бюджетини юритиш;
- оиладаги ижтимоий роллар ва уларни англаган ҳолда муносабатлар қуриш;
- никоҳ муносабатлари ва саломатлик, репродуктив саломатлик;
- гендер муносабатлари, оилавий муносабатларни уйғунлаштириш ва оилавий низоларнинг олдини олиш;
- оилада мулоқот маданияти;
- оилада ҳуқуқий муносабатлар;
- оилани идора этиш, оила “сиёсати”.

Мавжуд ўқув дастурларидаги маълумотлар илмий-услубий жиҳатдан, яъни миллий қадриятлар асосларининг замоннинг фан ва жамият тараққиёти тенденциялари билан, психология ва бошқа ижтимоий-ҳуқуқий соҳалардаги янгиликлари – инновациялари билан уйғун ҳолда амалга оширилади.
“Оила” маркази томонидан ишлаб чиқилган қизлар учун “Оила сабоқлари” мобил иловаси, келин-куёвлар учун илк бор тайёрланган “Мустаҳкам оилага йўлланма” ён дафтарчалари ёшларни келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга.
Инновацион мактабга кимлар ўқиши мумкин?
- ФҲДЁ бўлимларига никоҳ тузиш мақсадида ариза топширган жуфтликлар;
- турмуш қуришни режалаштираётган йигит-қизлар жуфтликлари;
- касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари (махсус дастур асосида қисқа муддатли ахборот сессиялари).
“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг ўқув- дастури қандай тартибда олиб борилади?
Замонавий технологияларни қўллаган ҳолда масофадан ўқитиш ва маслаҳат бериш шакллари:
вебинар (интернет орқали семинар ва тренинг)лар;
масофадан, конфеденциалликни таъминлаган ҳолда, мутахассисларининг онлайн консультациялари (психолог, ҳуқуқшунос ва бошқалар);
ижтимоий тармоқларда инновацион мактаб саҳифасини очиш ва бўлғуси келин-куёвларга доимий рукнлар юритиш, ёшларнинг саволларига жавоб бериб бориш;
мультимедиа воситалари билан махсус жиҳозланган машғулот хоналари бўлғуси келин-куёвларга видеороликлар орқали кейсларни намойиш қилиш ва уларнинг таҳлили асосида таълим бериш;
Инновацион мактаб қошида доимий ишлайдиган ва “Оилавий” телеканали учун оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича телекўрсатувлар тайёрлаш (реалити шоу шаклида бўлғуси келин-куёвларнинг розилиги асосида).

Инновацион мактабда мавжуд анъанавий мактаблардан фарқли равишда нафақат жуфтликларнинг ўзини ўқитиш, балки якка ҳолда мутахассисларнинг маслаҳатлари бўйича хизматлар, муайян мавзулар бўйича гуруҳларда тренинглар ўтиш (масалан, бўлажак келинлар учун: аёллик психологияси, гўзаллик психологияси, севикли бўлиш санъати; ўғил болалар учун андролог ва уролог маслаҳатлари ва ҳоказо) йўлга қўйилади.
Келгусида инновацион мактаб битирувчилари қаторидан, олган билимларини амалда қўллаб турмушини йўлга қўйган, ушбу ўқувнинг фойдасини англаган битирувчилар сараланиб, тренерлик маҳорати бўйича тренинглар ташкил қилинади ва “тенгдош тенгдошга” тамойили асосида фаолият юритадиган волонтер-тренерлар жамоаси шакллантирилади.
Дарс жараёнлари ноанъанавий тарзда шакллантирилган бўлиб, ўқувчилар эркин ва қулай муҳитда машғулотларда иштирок этади.
Мавзуга оид
10:38 / 10.11.2025
Оиладаги тинчлик фақат муҳаббатдан эмас — ҳар ёшнинг ўз психологияси бор
12:46 / 18.02.2024
“Оила қурганимизни уйдагиларимиз билмасди” – Грин карта учун қалбаки тўй қилган 2 ёш ҳикояси
15:22 / 09.07.2023
Фото: Сайловда иштирок этган келин-куёвлар
15:45 / 21.01.2023