Спорт | 15:53 / 05.11.2018
10227
10 дақиқада ўқилади

Енгилмаслар лигаси. Англияда тур воқеалари

Фото: Michael Regan/GettyImages

Дам олиш кунларида Англия Премьер-лигасида 11-тур учрашувлари ўтказилди. Турнинг марказий учрашуви бўлган «Арсенал» ва «Ливерпуль» тўқнашувида кучлар тенг келди. Икки жамоа ҳам мағлубиятсиз сериясини давом этди. «Манчестер Сити» ва «Челси» ҳам бу турда ғалабали серияларини давом эттиришди, бу икки жамоа айни вақтда турнир жадвалида биринчи ва иккинчи ўринларни бўлишиб турибди. Қуйида «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини келтиради.

«МЮ»дан яна иродали ғалаба

Фото: Premier League

БОРНМУТ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – 1:2
Голлар: Уилсон (11) – Марсиял (35), Рэшфорд (90+2)
«Манчестер Юнайтед» аста-секинлик билан топ-6’га яқинлашмоқда. Сўнгги тўрт ўйиндаги уч ғалаба ўз мевасини бермай қолмади ва энди Моуриньо шогирдларини 6-ўриндан фақат тўплар нисбати ажратиб турибди. 

Аслида ҳаммаси жуда ёмон бўлиши мумкин эди, зеро «Борнмут»га қарши ўйинни ҳам «иблислар» жуда пассив бошлашди. Дастлабки 30 дақиқада мезбонлар гол уришдан ташқари, яна тўрт маротаба дарвозага аниқ зарба бера олишди, бу паллада «МЮ»нинг бу кўрсаткичи нолга тенг эди. Негадир «Юнайтед» сўнгги пайтларда фақат иккинчи бўлимларда ўз ўйинини кўрсата оляпти холос – лекин буюк мотиватор сифатида ном қозонган Моуриньо танаффусда айтаётган гапларини ўйиндан олдин айтишга нима халақит беряпти экан-а?

Марсиялнинг биринчи бўлимда ҳисобни тенглаштириши «Борнмут»даги кўтаринкиликни бироз пасайтирган бўлса, иккинчи бўлимда анча чарчаб қолган мезбонларни мағлуб этишга фақат вақт халақит бериши мумкин эди. Айтганча, франциялик ҳужумчи сўнгги 4 АПЛ ўйинида 5 гол урди ва асосий таркибда Санчес эмас, айнан у ўйнаши кераклигини исботламоқда. Марсиял ўз фаолиятида илк бор қаторасига тўрт ўйинда гол урди. Аммо бу сафар таркибда Санчесга ҳам, Марсиялга ҳам жой топилганди – «Борнмут»га қарши ўйинларда мунтазам гол урадиган Ромелу Лукаку машғулотлардан биридан сўнг бетоб бўлиб қолганди.

Ғалаба голи эса, ўша вақт ниҳоясига етиб бораётганда, ҳакам томонидан қўшилган дақиқаларнинг ярми ўтиб бўлганида иккинчи бўлимда майдонга туширилган Маркус Рэшфорд томонидан урилди. Моуриньо жамоаси «Ньюкасл», «Челси» ва мана «Борнмут» билан ўйинда жуда қийин бошланган ўйинни буриб, ўз фойдаларига ўзгартира оляпти. Аммо ўйинни кучли бошлаб, белгиланган вазифани асаббузарликларсиз ҳал қилишга келганда, ҳали жамоа оқсамоқда.

Шрива, сенинг хотиранг учун!

Фото: Plumb Images/Leicester City via Getty Images

КАРДИФФ – ЛЕСТЕР – 0:1
Гол: 
Грей (55)
«Лестер»нинг ҳалокатдан кейинги илк ўйини ҳиссиётларга жуда бой бўлди. Чигалёзди машқлари чоғида жамоа футболчилари Вишай Шривадданапрахба расми туширилган футболкаларда майдонга тушишди. Уларга трибунадаги мухлислар ҳам қўшилишди. 

Ўйиндан олдинги хотира маросимида эса, Кардифф стадионида мудҳиш ҳалокатнинг бошқа қурбонлари исми ҳам бирма-бир ёд этилди ва стадион таблосида уларнинг суратлари кўрсатилди. Аксарият «Лестер» футболчилари, айниқса, Каспер Шмейхел кўзларидаги ёшни тутиб тура олмадилар. Бир дақиқалик сукут чоғида нафақат асосий таркиб футболчилари, балки клубнинг бутун мураббийлар штаби ва персонали ҳам футболчилар билан елкама-елка туришди. Барча ўйиндан кейин Таиландга, барча учун азиз бўлган марҳумнинг дафн маросимига отланди.

Грей ҳисобни очгач, футболкасини ечиб, Вишайнинг хотирасига бағишланган ёзувларни намойиш қилди. Балки бундай ўйин руҳиятига мос эмасдир, аммо қоида бу қоида, унга сариқ карточка кўрсатилди. Умуман, Вишай Шривадданапрахба бу жамоасидан фахрланган бўларди  - бундай ўйинни футболчилар ғалабасиз якунлай олишмасди. Улар майдонда атиги ўн бир киши эмасдек эдилар худди. 

Фото: Leicester City

Ғалабани футболчилар мезбон фанатлар секторида ўз мухлислари билан нишонлашди. Узоқ вақт Вишайнинг расми туширилган баннер кўтарилиб, унинг исми жаранглаб турди.

Дарвоқе, 11 турдан кейин «Лестер» барча ўйинда гол ура олган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. 

«Манчестер Сити»ни ким тўхтатади?

Фото: Premier League

МАНЧЕСТЕР СИТИ – САУТҲЭМПТОН – 6:1
Голлар
: Хойдт (6, атвогол), Агуэро (12), Давил Сильва (18), Стерлинг (45, 67) Сане (90) – Ингз (30, пенальтидан) 
«Шаҳарликлар» Де Брюйнесиз шу қадар кўп ўйнадиларки, натижада, бемалол, етакчи футболчисисиз ҳам жуда кучли ўйин кўрсата олмоқдалар. «Саутҳэмптон»нинг ҳимоясини ўша куни сезиб бўлмай ҳам қолди, айниқса, бу ерда Серхио Агуэро аҳамиятли ролни ижро этди. 

Серхио Агуэро бу ўйинда ўзининг АПЛдаги 150-голини урганини алоҳида эътироф этиш керак. Аргентиналик ҳужумчи шу тариқа, легионерлар ичида фақат Тьерри Анридан ортда қолмоқда холос. Анрида 175 гол бўлганини эътиборга олсак, Агуэро ҳали бу темпда ундан ҳам, ҳатто 185 гол билан барча бомбардирлар ичида 2-ўринда бораётган Уэйн Рунидан ҳам ўзиб кетиши мумкин. 

Яна бир қизиқ факт, Пеп Гвардиола Англияга ташриф буюрганидан бери, жамоа 12 маротаба бир ўйинда беш ва ундан ортиқ гол уриб ғалаба қозонмоқда. «Манчестер Сити»дан бу кўрсаткич бўйича кейинги ўринда турган жамоаларда бундай ўйинлар 6тадан ошмаган. Қизиғи, қўшнилар – «Манчестер Юнайтед» 2013 йилдан бери бир ўйинда 5та гол ура олмаяпти. Охирги марта «МЮ» Алекс Фергюсоннинг энг охирги учрашувида, 2013 йилнинг май ойида 5та гол урганди. Шундан буёғига «Сити»да 21 маротаба мана шундай сермаҳсул ўйин кузатилганини ҳам таъкидлаб ўтсак, ростдан ҳам Манчестердаги футбол маркази тамомила ўзгардими?

Анъаналарга собит қолиб...

Фото: REUTERS

АРСЕНАЛ – ЛИВЕРПУЛЬ – 1:1
Голлар: Ляказетт (82) – Милнер (61)
Ҳар икки рақибда ҳам ўйин олдидан ўзига хос ижобий серия бор эди - «Арсенал» барча мусобақаларда 13 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда, «Ливерпуль» эса, АПЛдаги жорий мавсумни мағлубиятсиз ўтказяпти. Учрашув натижаси ҳар икки серияни ҳам бузмади, жамоалар қолган жойидан яна давом эттиришлари мумкин. Аммо «Ливерпуль» сўнгги дақиқаларда ғалабани ушлаб қола олмагани оқибатида, «Манчестер Сити» энди очколар бўйича ҳам турнир жадвалида пешқадам бўлиб қолди. «Челси» ҳам «Кристал Пэлас»ни енгиб, тўплар нисбати яхшироқлиги эвазига турнир жадвалида «Ливерпуль»ни қувиб ўтди.

Жамоалар биттадан ўйиндан ташқари ҳолатдан ва яна биттадан «тоза гол» уришди. Аввалига Бернд Ленонинг хатосидан фойдаланиб, Жеймс Милнер ҳисолбни очган бўлса, ўйин охирларида Александр Ляказетт ҳисобни тенглаштирди. Айтганча, бу гол Милнернинг сўнгги икки йилдаги ўйиндан киритган илк голи бўлди. Ярим ҳимоячи асосан ўз голларини пенальтидан уриб келаётганди.   

Фото: GettyImages

«Арсенал» жуда яхши формада ва улар билан дуранг натижа доим қониқарли» – деб изоҳ берди Юрген Клопп – «биз ҳимояда у қадар зич ўйнай олмадик, шундан норози бўлдим. Лекин тўпга биз эгалик қилганда, жуда яхши ўйин намойиш этдик, чиройли гол урдик ва бир қатор хавфли ҳужумлар ташкил этдик».

Унинг ҳамкасби Унер Эмери эса, дурангдан бироз норози эканини яширмади: «Мен фақат қисман қониқдим, аммо майдонга ғалаба учун тушганимизни эътиборга олсак, вазифа бажарилмади. Жуда чиройли ўйин бўлди, мухлислар бизга қўшимча энергия бериб туришди, бундан хурсандман. Яна ютқазмасликда давом этамиз, «Спортинг» ва «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинлар билан биз ўз мақсадимиз сари яна одимлаймиз» – деди мураббий ВВС учун берган интервьюсида. 

Маълумот учун, «Арсенал» мана етти ўйиндирки, «Ливерпуль» устидан ғалаба қозона олмай келмоқда. Демак, учинчи анъана ҳам бу сафар бузилмай қолди.  

БОШҚА ЎЙИНЛАР:
ЭВЕРТОН – БРАЙТОН – 3:1

Голлар: Ришарлисон (26, 77), Коулман (50) – Динк (33)

НЬЮКАСЛ – УОТФОРД – 1:0
Гол: Айозе Перес (65)

ВЕСТ ҲЭМ – БЁРНЛИ – 4:2
Голлар: Арнаутович (10), Филипе Андерсон (68, 84), Чичарито (90+2) – Гудмундссон (45), Вуд (77)

ВУЛВЕРҲЭМПТОН – ТОТТЕНҲЭМ – 2:3
Голлар: Невес (68, пенальтидан), Хименес (79, пенальтидан) – Ламела (27), Моура (30), Кейн (61) 

ЧЕЛСИ – КРИСТАЛ ПЭЛАС – 3:1
Голлар: Мората (32, 65), Педро (70) – Таусенд (53)  

ҲАДДЕРСФИЛД – ФУЛҲЭМ ўйини бугун тунда бўлиб ўтади. 

Қ. Асланов тайёрлади

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид