Андижон вилояти, Асака тумани, Эргашобод маҳалласидаги Янги чек кўчасида ичимлик суви муаммо. Маҳаллага ичимлик суви тизими тортилган бўлсада, ундан деярли сув келмайди. Аҳоли вакилларининг билдиришича, ҳудудга бир ойда 16 соат сув берилар экан, холос. Айнан шу муаммо туманнинг бир қатор маҳаллаларида ҳам мавжуд.

Бироқ, туман МИБ идораси ходимлари қўлидаги аҳоли қарздорлиги ҳақидаги ҳужжатда  Эргашобод МФЙ ҳудудидаги хонадонларнинг ичимлик сувидан - 30 миллион 830 минг сўмдан зиёд  қарзи борлиги кўрсатилгани сабаб ундиришга киришишган.

Асака туман адлия бўлимига Эргашобод МФЙда яшовчи фуқаролар ҳудудга ичимлик суви бир ой давомида 16 соат ва унданда оз вақт узатилаётгани, бироқ тўловлар ҳар куни ичимлик сув билан таъминланган кўчалар билан бир хил нархларда ҳисоб-китоб қилинаётгани учун ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Фото: Kun.uz

Туман адлия бўлими «Сувоқава» ДУК ҳуқуқшуноси ва бошқа мутахассислар билан нафақат Эргашобод маҳалласи балки, туманнинг бошқа ҳудудларида ичимлик суви истеъмоли бўйича жами 2 миллиард 11 миллион 751 минг 806 сўм миқдоридаги қарздорликни тегишли тартибда хатловдан ўтказиб, ўрганиб чиқишди. Натижада, аҳоли томонидан истеъмол қилинмаган ичимлик суви учун МИБнинг Асака туман бўлими томонидан мажбурий тартибда қарздорликлар ундирилаётгани аниқланиб, мазкур ҳолатларни бартараф этиш учун Андижон вилоят «Сувоқава» ДУКга тақдимнома киритилди.

Аҳоли мурожаатига асосан туман адлия бўлими бошлиғи Илҳомжон Аҳмедов билан биргаликда Эргашобод маҳалласига бордик. Ҳудуддаги хонадонларнинг ичимлик суви билан таъминланиши жуда ёмон ҳолатда. Оқсоқоллар ва аҳоли вакиллари ичимлик суви таъминотидан нолиб, яна ичилмаган сувга қарз бўлиб қолганликларини билдиришди.

«Рўзғор учун энг кўп ишлатиладиган сувнинг йўқлиги энг катта дардимиз. Маҳалла аҳли йўқ нарсадан яна катта суммада қарз бўлиб чиққанидан ҳайрон...», дейди Маҳмуджон ота Абдураҳмонов.

Кўчалардаги хонадонга кирганимизда ҳам сувни бошқа ҳудуддан ташиб ишлатишаётганига гувоҳ бўлдик.

Юқоридаги тақдимномага асосан вилоят «Сувоқава» ДУК ва МИБ ходимлари иштирокида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, мавжуд қарздорликлар қайта ҳисоб-китоб қилинибди. Шундан сўнг,  туман адлия бўлимига сайёр қабулларда мурожаат қилган 12та МФЙдаги аҳолининг ичимлик суви бўйича жами 125 миллион сўм миқдоридаги нореал қарздорликлари бекор бўлган. Туман «Сувоқава» бошлиғи эса лавозимидан озод этилган.