Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, «Бурчмулла» МФЙ ҳудудидаги Чорвоқ сув омбори сув ҳавзасида чўкиб кетган 3 кишидан (ота ва унинг 2 ўғли) бирининг жасади топилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бахтсиз ҳодиса 2 сентябр куни содир бўлганди. Ўша куни беш кишидан иборат оила аъзолари сув омборида сайр қилиш учун катер ижарага олган. Катер ҳайдовчисидан ташқари, унда эр-хотин, уларнинг қизи ва икки ўғли бўлган.

Суратга тушиш учун тўхтаган вақтда ўғиллардан бири чўмилишга қарор қилган. У қутқарув нимчасидан фойдаланмаган. Бу вақтда ҳудудда шамол эсаётган ва сувда тўлқинлар ҳосил бўлганди. Чўмилиш учун сувга тушган биринчи ўғилнинг оёқ томири тортишиб қолган. Унинг ортидан сувга отаси, сўнг иккинчи ўғли ҳам сакраган.

Қайиқчи ҳам уларни қутқариш учун сувга тушган, аммо бунинг иложи бўлмаган.

«Хабар келиб тушган заҳоти ФВВ ғаввос-қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб бориб, қидирув ишларини бошлаган. Шунингдек, қидирув ишлари кўламининг кенглиги ва сув омборининг чуқурлигини инобатга олиб, ҳодиса жойида Фавқулодда вазиятлар вазири топшириғига асосан штаб фаолияти ташкил этилиб, қўшимча равишда Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан қўшимча кучлар жалб этилди. Қидирув ишларида барча зарур техника ва замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда.

Олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун соат 13:02 да чўкиб кетган фуқаролардан бирининг жасади топилди», дейилади ФВВ матбуот хизмати хабарида.

photo_2026-09-09_13-34-17 (2)photo_2026-09-09_13-34-17 (3)photo_2026-09-09_13-34-17 (4)photo_2026-09-09_13-34-17 (5)

Қидирув ишлари давом эттирилмоқда.