«Трибуна» Европа Чемпионлар лигасининг 4-тури доирасида 4та гуруҳда ўтказилган учрашувлардан кейин юзага келган вазиятни таҳлил қилади.

Дортмундликларнинг илк мағлубияти

А гуруҳи
«Атлетико» – «Боруссия» Д – 2:0 (Сауль, 33. Гризманн, 80)
Ушбу ўйиндан олдин жамоалар кайфият жиҳатидан икки қутбда жойлашганди. Мадридликлар Испания чемпионатида Диего Симеоне давридаги энг ёмон стартни қайд этишмоқда, ЕЧЛда эса ўтган турда Дортмундда кечган учрашувда Симеоне давридаги энг йирик мағлубият қайд этилди (0:4). «Боруссия» эса янги бош мураббий Люсен Фаврнинг дебют мавсумидаёқ 15 учрашувдан иборат ғалабали серияни қайд этишди.

Бошқа томондан «матрасчилар»да мотивация томондан муаммо бўлмади, жамоа фақат ғалаба учун майдонга тушди. Ўйинни Диего Годин, Тома Лемар, Коке, Диего Коста ва Стефан Савич каби етакчи футболчилар ўтказиб юбораётгани сезилмади. Биринчи гол Фелипе Луиснинг ақл бовар қилмас рейдидан кейин урилди - Саул тўпга бир тегишида ҳисобни очди. Сауль Чемпионлар лигасида тўққизинчи голини урди. У тўққиз учрашувда ҳисобни очди.

Бу ўйинда Люсьен Фавр шогирдлари умуман ўзига ўхшамади, немислар жамоаси ўйин давомида бирор марта ҳам рақиб дарвозаси томон аниқ зарба йўлламади.

Ўйин охирига яқин қолганида Дортмунд жамоаси мағлубиятдан қутулиш мақсадида ҳужумга ўтганида Антуан Гризманн қарши ҳужумни муваффақиятли якунлади. У энди «Атлетико»нинг ЕЧЛда 20дан ортиқ гол урган илк футболчиси. У шу тариқа Симеоне учун қасос олди.