Anthropic, OpenAI ва бошқа СИ компаниялари раҳбарлари сунъий интеллект билан боғлиқ “ҳалокатли ҳодиса” юз берган тақдирда жамият ва ҳукумат реакцияси сценарийларини ёпиқ тарзда муҳокама қилмоқда. Гап, жумладан, молиявий хизматлар, интернет ёки электр ва сув таъминоти тизимларининг узилишига олиб келиши мумкин бўлган кенг кўламли киберҳужум ҳақида бормоқда, деб ёзди Axios.
Хавфсизлиги таъминланмаган СИ туфайли етказиладиган жиддий зарарнинг илк ҳолати технологияга ҳамда унинг етакчиларига, хусусан, Anthropic ва OpenAI раҳбарлари Дарио Амодеи ва Сэм Алтманга бўлган ишончсизликни кучайтириши мумкин. Шунингдек, соҳани тартибга солишни истамаётгани сабабли бу танқидлар АҚШ президенти Доналд Трампга ҳам қаратилиши мумкин.
OpenAI эҳтимолий сценарийларни кўриб чиқиш бўйича машғулотлар ўтказаётганини Axios’га маълум қилди. Anthropic эса изоҳ беришдан бош тортди. Шу билан бирга, соҳанинг кўплаб вакиллари нашрга яқин 6–12 ой ичида йирик ҳодиса юз беришини кутаётганлигини билдиришган.
Axios таҳдидларга мисол сифатида Жанубий Кореядаги молия муассасаларига яқинда уюштирилган ҳужумларни, жумладан, иккита банкнинг бузилиши ва ўн минглаб мижозлар маълумотларининг ўғирланишини келтирмоқда. CrowdStrike маълумотларига кўра, хитойлик экани тахмин қилинган хакер ўғирланган маълумотларни сотиш майдончаларини қидириш учун СИ воситаларидан, жумладан Claude Code’дан фойдаланган.
Компаниялар йирик ҳодисадан сўнг сиёсатчилар СИ ривожланишини кескин чеклашга уринишидан хавотирда. Демократларнинг таклифлари орасида суперинтеллект яратишни тақиқлаш ва илғор тизимларни ишлаб чиқишни вақтинча тўхтатиш ҳам бор. Бошқа ташаббуслар, масалан, мукаммал моделларни “авария ўчиргичи” билан жиҳозлаш талаби ҳар икки партия томонидан қўллаб-қувватланмоқда, аммо экспертлар барча СИ тизимларини ўчириб қўйишнинг имкони борлигига шубҳа билан қарамоқда.
Сунъий интеллект хатарлари борасидаги мунозаралар автоном СИ агентлари синов муҳитидан чиқиб, реал тизимларга ҳужум қилган ҳолатлар фонида янада кучайди. Anthropic ва OpenAI раҳбарлари хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирмоқда, бироқ улар йўл қўйилиши мумкин бўлган хатарларни баҳолашда турлича фикрда.
Июл ойида OpenAI “мисли кўрилмаган киберҳодиса” юз бергани ҳақида хабар берди: синовдан ўтказилаётган моделлар Hugging Face платформаси инфратузилмасига ҳужум қилиб, заифликларни аниқлаган. Моделлар илгари номаълум бўлган нол кунлик (Zero–Day) заифликни мустақил равишда топиб, ундан фойдаланган ва ўғирланган ҳисоб маълумотлари орқали Hugging Face серверларига кириб борган.















