Ҳаётимизни дорихонасиз тасаввур қилолмай қолдик. Кўпчилигимиз сал деганда шу маконга югуриб борамиз. Югуришдан бир лаҳза тўхтаб, инсоният тарихи давомида — минглаб йиллар мобайнида одам организми охирги 50-60 йилдагидек кимёвий ҳужумга учрамаганини англашга вақтимиз йўқ...
__________________________________
Дорихона (аптека, юнонча ἀποθήκη — омбор сўзидан) — дори воситаларини тайёрлаш, қадоқлаш, таҳлил этиш ва сотиш билан шуғулланувчи махсус, соғлиқни сақлаш тизимига кирувчи ташкилот. Мазкур ташкилотнинг фаолияти таърифида «аҳолига фармацевтик ёрдам бериш», деб кўрсатилади. Ёрдам эса «самарали, хавфсиз ва иқтисодий томондан ўзини оқлайдиган даволаш курсини аниқлаш учун шифокорнинг беморга берадиган маслаҳати»ни кўзда тутар экан.
Хўш, бизнинг дорихона томон юришларимиз нақадар «самарали, хавфсиз ва иқтисодий томондан ўзини оқлайдиган» бўляпти? Танамиз ичига кўп миқдорда ҳамда ўйламай жўнатаётганимиз дорилар пировардида унга — танамизга фойда беряптими ёки ҳамма фойда-зарарларни жамлаганда зарар ҳиссаси кўпроқ бўляптими? Мавзу шу ҳақда.
Айтганча, мазкур мақола дори ичмай қўйишга чақириқ эмас, асло, балки «аптека» деган макон билан шу кунда ўрнатган муносабатимизни жамият ўлароқ қайтадан бир тафтиш қилиб, мазкур «дўстлик»ни бироз тартибга солиб олишга чақириқ.
Антибиотиклар

Бир неча ўн йил аввал битта антибиотик ёрдамида танадаги инфекция батамом йўқ қилинар эди. Ҳозирда эса шифокорлар кучли инфекцияларга қарши бир антибиотикни, у таъсир қилмаса иккинчисини, у ҳам таъсир қилмаса учинчисини — кучлироғини қўллаётганларининг гувоҳи бўляпмиз. Нега?
Британиялик олим Александр Флемингнинг 1929 йилдаги кашфиёти — яшил моғордан олинган пенициллиннинг микробларни ўлдира олиш қобилияти «антибиотик» деб номланган антимикроб препаратлар катта гуруҳи яратилишига асос бўлди.
Эндиликда бу — касаллик уйғотувчи бактериялардан бизни ҳимояловчи дориларсиз ҳаётимизни тасаввур этолмаймиз. Ўз вақтида ўлат, сил, зотилжам (пневмония), йирингли ангина каби эпидемияларга барҳам берилишига, операция, жароҳатланиш, куйиб қолиш ҳолатларида қонга зарар ўтиб кетиб қолишидан ҳимоялашга омил бўлиб турган нарса шу — антибиотиклар.
Бу дориларни яратиб инсоният касалликларга қарши кучли восита топди, аммо вақт ўтгани сайин мазкур восита кучсиз, бактериялар эса тобора кучайиб бораётганини сезди. Аниқ бўлдики, бактериялар ҳам ўзини биздан ҳимоя қилар экан: уларга қарши қўйган моддаларимиз билан «танишишар», ўз шаклларини ўзгартиришар, таъсирдан қочиш усулларини топишар ва алал-оқибат препаратларимизга чидамли бўлиб олишар экан. Ярим аср аввал яратилган ва ўз вақтида бактерияларга қарши самарали бўлган антибиотиклар ҳозирда таъсир кучига эга эмас.
















