Фарзанд, насл давомчиси туғилиши оилага қувонч бахш этади. Лекин, энди уни соғ-саломат, ҳар томонлама баркамол ҳолда улғайтириб, жамиятга нафи тегадиган инсон қилиб камолга етказиш масъулияти ҳам бор. Фарзандларни камолга етказишда давлат томонидан жуда кўп имтиёзлар белгилангани кўпчиликка аён. Зеро, ҳар бир туғилган чақалоқнинг соғ ва илмли бўлиб улғайиши мамлакат келажагини белгилайди.
Оилада одатий ҳолда бир дона туғилган чақалоқни бир-икки яшар қилиб олиш машаққатли жараён. Ота-она, қариндош-уруғ унинг атрофида минг парвона бўлиб парвариш қилишади. Эгизак фарзанд туғилса, уларни оёққа турғизиш унданда қийин.
Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Хидировлар оиласига Яратган жуда катта неъмат ато этди. Шу йилнинг 14 июнь куни оилада бирданига бир эмас, икки эмас, уч чақалоқ дунёга келди. Бир ўғил фарзандни катта қилаётган Бахтиёржон ва Диёрахонлар уч ўғиллик бўлишди. Учаласи ҳам соғлом ҳолатда дунёга келди. Уларга, яхши ниятда Иззатбек, Исломбек, Имронбек исмларини қўйишди.

Бирданига учта фарзандли бўлиш қувончли бўлиши билан биргаликда ўзига хос машаққат ҳамдир. Онанинг уч чақалоққа кўкрак сути етмайди. Ҳар куни озуқа сотиб олиш керак. Таглик, дори-дармон дегандек. Учаласи бирин-кетин йиғлайди. Онанинг бир ўзи уларни парваришлашга жисмоний кучи етмаслиги кундек равшан. Ёрдамчи, кўмакчилар зарур. Ҳозир уч чақалоққа икки қуда томон «навбатчилик» йўли билан қарашмоқда.

Туман ҳокимлиги туғилиши халқ орасида шов-шув бўлган уч полвонга аравачалар ва 2 ёшгача бўлган нафақа пули берилишини айтади. Лекин, бу ваъдалар ваъдалигича қолди.
Эҳ-ҳе.. Она туман ва вилоят ҳокимлигига неча марта ёзма ва оғзаки мурожаат қилмади, дейсиз…
Ҳатто, икки ёшгача бўлган болалар учун бериладиган нафақани ҳам бермадилар
Уч эгизак парваришидек қийин ишни уддалаётган Диёрахон Хидирова ҳужжатларни расмийлаштириб МФЙга борди.

Онаизор мурожаатидан: «Ваъдалардан хурсанд бўлиб, ҳужжатларни яшаш жойимдаги МФЙга ариза билан топширдим. Маҳалла фуқаролар йиғинига июль ойида учраганимда «Ижтимоий қўллаб-қувватлаш» комиссияси август ойида тузилишини айтиб, аризамни қабул қилишмади. Август ойида топширган ҳужжатларга 10 сентябрь куни ёзма жавоб хати кўринишида, турмуш ўртоғим давлат ишида ишлашини, ойлик маоши кўп эканлигини рўкач қилган ҳолда, комиссиядан ўта олмаганимни айтишиб қўлимга тутказишди. Биринчи фарзандим туғилганида турмуш ўртоғим Россиядан ишлаб келиб, уйда ишсиз эди. Шунда ҳам комиссиядан ўта олмаганимизни, МФЙ котибаси бир ойлик нафақа пулини бериш эвазига комиссиядан ўтказиб қўйишини айтган эди. Мен иложсиз қолиб, МФЙ котибасининг шартига рози бўлиб, нафақа пули комиссиясидан ўтган эдим. Бу гал ҳам худди ўтган сафарги ҳолат такрорланаётгандай назаримда. Эътироз билан маҳалла фуқаролар йиғинига борганимда, комиссияда қатнашган АБКМ ходими М.Темирова қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтди. Туман ҳокимиятига борганимда эса суюнчи эвазига нафақа пулига ўтказиб беришини айтган туман хотин-қизлар қўмитаси раиси бошқа лавозимга ўтиб кетганини, ўрнига янги тайинланган аёл эса ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини, МФЙ раисини ишига аралаша олмаслигини айтди. Фарзандларим дунёга келганига 4 ой бўлди. Ҳали бирор марта маҳалла фуқаролар йиғинидан вакил келмади. Эгизаклар қай тарзда катта бўлишяпти, бирор ёрдам керак эмасми дейдиган мутасадди йўқ. Уйимизга келиб, ҳолатимизни кўрмасдан чиқараётган хулосалари нотўғри-ку?!





















