Спорт | 12:07 / 10.11.2018
8333
2 дақиқада ўқилади

Кокорин ва Мамаев февраль ойигача қамоқда қоладиган бўлишди

Фото: РИА Новости/Илья Питалев

«Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаевга нисбатан очилган жиноят ишининг тергови яна икки ойга узайтирилди.

Энди терговчилар 2019 йил 8 февралига қадар суриштирув ишини олиб боришлари мумкин. Бу ҳақда Кокориннинг адвокати Татьяна Стукалова Instagram саҳифасида хабар берган.

«Тергов муддати яна 2 ойга узайтирилди. Энди 18 терговчидан иборат гуруҳ ишни 4 ой давомида ўрганиб чиқади, бу ақлга сиғмайди», ‒ деб ёзди Стукалова.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Александр Кокорин ва Павел Мамаев Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. 

Шундан сўнг, уларга Жиноят кодексининг 116-моддаси «Тан жароҳати етказиш» ва 213-моддаси «Безорилик» бўйича расман айблов эълон қилиниб, суд томонидан 8 декабрга қадар ҳибсга олинган эди. Айбдорларга 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид