Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 16 ноябрь куни Тожикистонга келади ва Роғун ГЭС биринчи агрегатининг ишга туширилишини шахсан кузатади.

Ўзбекистон ҳукумати аъзоси Тожикистон ҳукуматининг таклифига биноан Роғун ГЭС қурилиш майдончасига боради, деб хабар қилмоқда «АП» манбага асосан.

Тожикистон Роғун ГЭС биринчи агрегатини ишга тушириш маросимида иштирок этиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматларига таклиф жўнатди.

16 ноябрда ишга тушириладиган 6-сонли агрегат ротори шу йилнинг июль ойи бошида тегишли жойига ўрнатилди. Кутилишича, агрегат ишга туширилгандан кейинги дастлабки босқичда қуввати 100 МВт.ни ташкил қилади. Унинг лойиҳа қуввати эса - 600 МВт.

Кейин 5-сонли агрегатни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ушбу тадбир келгуси йилнинг апрель ойига мўлжалланган.

Станциянинг умумий қуввати 3600 МВт.ни ташкил этади, бу эса уни Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭСга айлантиради.