Мен бу хатни ҳамма «Пеладо» деб чақирадиган болакайга ёзяпман. «Пеладо» – «кал», ростдан ҳам бу болакайнинг сочи кам эди, ўсиши ҳам жуда секин кечарди.

Айтишим мумкинки, кейинги йигирма йилда футбол ҳаётингнинг кўп жиҳатларини ўзгартиради. Баъзи ўзгаришлар ижобий, баъзилари салбий. Айнан футбол туфайли сен мана шу лақабингдан ҳам қутуласан. Биласанми, Габриел Батистута деган йигит бор. Сен ҳали уни билмайсан, чунки телевизорда фақат «Том ва Жерри» мультфильмини томоша қиласан, холос. Аканг Нандо оилангдагилар ичида биринчи бўлиб Батистута мухлисига айланади. У сартарошхонага боришдан, сочини калта қилиб олдиришдан воз кечишни бошлайди. Бирмунча вақт ўтиб, у узун сочлари билан майдонда югурганида ғирт Батиголни эслатиб юборади. Жуда ажойиб. Ниҳоят сен ҳам онангга қарши чиқасан – «бўлди, энди сочимни олдирмайман!»

Сен кўчадаги ўз ҳаётинг билан яшайсан. Сен ва оёқларинг орасидаги копток. Умуман, Лотин Америкасидаги ҳар бир болакайда шу аҳвол. Тўғри-да, уйда нима бор? Қизиқарли ҳеч нима. Playstation йўқ. Катта экранли телевизор йўқ. Ҳатто иссиқ сув ҳам йўқ. Иссиқлик йўқ, айниқса, қиш кунлари фақат тўрт қават адёл сизларга печка вазифасини ўтайди. Иссиқ сув керак бўлса, кўзага сув олиб, керосин ёқиб ишлатиладиган печкада иситиб олиш мумкин холос. Шундаям, иссиқ ва совуқ сувнинг нисбатини тўғри олишни ўрганиш керак. Шу тариқа, химикка айланиб кетасан, ишонавер.

Хонангга турли расмларни, плакатларни ёпиштира олмайсан ҳам. Ахир ҳар 2-3 йилда ё ижара қимматлик қилади, ёки отангнинг иш жойи ўзгаради, доим бошқа уйга кўчишга тўғри келади-да...

Лекин яхши томонини айтайми? Қаерга кўчиб боришларингдан қатъи назар, ўша уй олдида барибир яланглик бўлади. Тўп бўлади. Ҳеч қайси ижарага берувчи буни сиздан мосуво қила олмайди. Яна нима керак, тўғрими?

Энг зўри, агар номини тўғри эслаётган бўлсам, The Ice Cream Goal эди. Бу жуда ажойиб ўйин, балки «ПСЖ»да ҳам уюштириб кўриш керак. Ажойиб мотивация! Бу Сальтодаги  ёшлар лигаси ташкилотчиларидан чиққан ғоя эди. Натижа қандай кетаётганидан қатъи назар, олти ёшли болакайларнинг ўйинга бўлган қизиқишини қандай ушлаб туриш мумкин? Бир қоида қўшилади – ўйинда сўнгги голни урган болага музқаймоқ совға қилиб берилади.

Ҳисоб 8:1 бўлиши ҳам мумкин, фарқи йўқ. Ўйин охиригача ҳал қилувчи голни уриш ва музқаймоқ ютиб олиш истаги сени бошқаради. Ўша куни сен ғолибсан, ҳамманинг ичида қиролсан. Ҳамма сенга ҳавас билан қарайди.

Сальто пойтахт эмас. Монтевидеодаги болалар албатта, бошқа дунёда яшашади. Сен у ердаги ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайсан. Адидас бутсалари, автомобиль пойгалари... Сальтода ҳаммаси бошқача. Негадир барча болалар оёқяланг футбол ўйнашни ёқтирадилар. Ўйин бошида ҳамма оёқ кийимини кийиб олган, аммо танаффусга яқин, қарасанг, бир бурчакда бир тўп бутсалар йиғилиб ётган бўлади. Ишонасанми, ҳозир ҳам кўзларимни юмсам, оёғим остидаги тупроқни ҳис қиламан. Юрагимнинг уриши, музқаймоқ ютиб олиш орзусидаги ҳаяжон – барчасини кўз олдимга келтира оламан.