«Kun.uz» сайтига Бухоро вилояти, Бухоро тумани, «Кунжи-қаъла» маҳалласининг Ўба қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушди. Унда қишлоқ аҳолиси газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар, куз-қиш мавсумидаги қийинчиликлар ҳақида баён этиб, ушбу муаммоларни ҳал этишда ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаатни жойида ўрганиш учун қишлоққа йўл олдик. Бизни қишлоқ одамлари кутиб олишди.

Маълум бўлишича, қишлоқда газ тармоғи бор. Фақат 2013 йилда тармоқдан узиб қўйилган.


Электр энергияси таъминотида мунтазам узилишлар мавжуд. Қолаверса, қишлоқдаги трансформаторда уланишлар меъёрдан ошиб кетган. Бу эса куз-қиш мавсумида бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Қишлоқ аҳлининг дардига қулоқ тутдик.
«Қишлоғимизда газ 2013 йилда узиб қўйилган. Қишлоқ аҳолиси суюлтирилган газ баллони билан таъминланган. Аммо уни қиш кунлари уйларни истиш учун ишлатиб бўлмайди. Фақат ошхонада туради. Уйни иситиш учун ўтин ва кўмир ишлатишга мажбурмиз. Уларни ҳам топиш амримаҳол. Ахир, беморлар, ногиронлар ва ёш болалар бор», – дейди Латофат Нутфиева.
«Қишлоғимизга газ қайта уланишини хоҳлаймиз. Ўғлим, келиним ва неваралар, бутун оиламиз битта хонада туришга мажбурмиз. Газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар туфайли уйларни иситиш учун ҳовлимиздаги мевали дарахтларни ҳам кесиб, ёқиб тугатдик. Қўшни қишлоқда газ бор, аммо бизда йўқ. Бизларга қийин. Мисол учун, қўшним ногирон, жуда ҳам қийналади совуқ кунларда. Кўмир ҳам йўқ», – дейди Шоҳида Раҳмонова.
«Уйимизда учта оила яшаймиз. Икки нафар келиним бор. Газ йўқлиги учун қишда электр печлардан фойдаланамиз. Аммо электр энергияси ҳам тез-тез ўчаётгани туфайли бунинг ҳам иложини қилолмаяпмиз. Бугуннинг ўзида ҳам бир неча марта ток ўчди», – дейди Фароғат Амонова.
Аҳолининг эътирозларини тинглагач, ушбу маҳалла раиси Фурқат Ниёзов билан суҳбатлашдик.













