Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, рейдлар Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзэнергоинспекция» билан ҳамкорликда ўтказилган.

Тадбирлар аҳоли учун ажратилган газбаллонларини ноқонуний сақлаш ва қиммат нархларда сотиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган. Хабарда айрим соҳа ходимлари фуқаролар билан тил бириктириб, газ таъминотидан шахсий даромад олишга урингани айтилган.

Жиззах вилоятида тўққизта ҳолат бўйича сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётган 239 та газбаллони топилган. Жумладан, аввал Зомин тумангаз таъминоти бўлимида раҳбарлик лавозимларидан бирида ишлаган шахс қариндошининг хонадонида 152 та баллон сақлагани аниқланган.

Сирдарё вилоятида эса Ховос тумангаз бўлими мансабдорларидан бирининг уйидан ҳужжатларсиз сақланаётган 30 та газбаллони олинган.

Самарқанд вилоятида Ургут тумангаз тўлдириш шохобчаси қоровули газ билан тўлдирилган учта баллонни 2,5 миллион сўмга сотаётган вақтда ушланган.

Паст Дарғом туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан эса газ тўлдирилган 22 та баллон топилган. ДХХ маълумотига кўра, у баллонларни тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан олиб, фуқароларга 100 минг сўмдан сотган.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида газ таъминоти бўлими муҳандиси ва чилангари ўз хонадонларида аҳоли учун мўлжалланган жами саккизта газбаллонини ноқонуний сотиш мақсадида сақлагани қайд этилган.

Сурхондарё вилоятидаги рейдларда жами 65 та газ баллони ҳужжатлаштирилган. Хусусан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан олган 32 та баллонни истеъмолчиларга қимматроқ нархда сотмоқчи бўлгани билдирилган.

Навоий вилояти Хатирчи тумангаз бўлими ҳайдовчисининг уйидан ҳам 26 та газбаллони процессуал тартибда олинган. Шу каби ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа ҳудудларда ҳам аниқланган.

ДХХ бундай рейдлар мунтазам давом эттирилишини маълум қилган. Аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар ҳақида хизматнинг 1520 қисқа рақамига хабар бериш мумкин. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланган.