Яқинда ижтимоий тармоқларда ёш тадбиркорнинг президент ва халққа мурожаати йўлланган видеотасвир тарқалганди. Унда жорий йилнинг 4 ноябрь куни тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев томонидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани «Авайхон» маҳалласи ҳудудида қурилаётган 3 қаватли турар-жой биноси шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратида бузиб ташлангани айтилганди. Мазкур ҳолат юзасидан KUN.UZ таҳририяти журналистлик суриштирув ўтказди.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш

Ҳудудга бориб, бузилаётган бинони кўздан кечирдик. Бу вақтда ҳудуд деярли теп-текис эди. Бироқ тозалаш ишлари авжида экан. Аввалига ўша ердаги бузиш ишларига масъул бўлган мансабдор шахслардан бири, Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин Хавфсизлиги Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Пўлатовга юзландик.

«Мазкур бино ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда қурилаётган бўлган. Уйлар орасидаги масофа талабга кўра 6 метрни ташкил этиши керак. Лекин талаблар бажарилмаган. Мабодо фавқулодда ҳолатлар бўлиб, фуқаролар ва уларнинг буюмлари эвакуация қилиниши керак бўлса, бу ерга бирорта техника кира олмайди. Бу ўз навбатида катта зарар олиб келиши мумкин.

Уйларнинг ичидаги ҳаво айланишига хизмат қилувчи трубалар ҳам режада кўрсатилганидек эмас. Бундан ташқари, 1900 метр квадрат майдонга уй солиши кўрсатилган. Лекин тадбиркор қўшимчасига 600 метр квадрат майдонга ноқонуний қурилма қилган.

Лойиҳалаштирувчи ташкилот ҳужжатларда хусусий уй сифатида расмийлаштирилгани сабаб бинони қабул қилиш жараёнида давлат қабул комиссияси қатнашмаган. Фақатгина харидор билан шартнома қилиниб ҳужжат тегишли ташкилотлардан расмийлаштирилган», - дейди Бахтиёр Пўлатов.

Бахтиёр Пўлатов

Шундан кейин Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Элбек Қўчқоров билан ҳам суҳбатлашдик.