Ўзбекистон | 10:02 / 23.11.2018
3297
3 дақиқада ўқилади

ТИВнинг халқаро шартномалар бўйича мониторинг механизми кенгайтирилади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишди.

Президентнинг 2018 йил 5 апрелдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури»нинг 3-банди ижроси юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади халқаро шартномаларни тузиш, чоп этиш, рўйхатга олиш, сақлаш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тартибини белгилашдан иборат.

Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш масаласининг комплекс таҳлили шуни кўрсатдики, ҳозирда амал қилиб турган қонун 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, қарийб чорак аср давомида Ўзбекистонда ушбу соҳада кўламдор ўзгаришлар рўй берди. Бу эса, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам муайян ўзгаришлар бўлишига олиб келди. Шу боис, мазкур қонун лойиҳасида соҳага доир амалдаги қатор янги ўзгаришлар ўз аксини топди.

Лойиҳа матни «тушунчалар аппарати» билан тўлдирилди. Халқаро шартномаларни ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик, шунингдек, бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми кенгайтирилди. Юридик мажбурият юкловчи ҳужжат бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати белгиланди.

Депутатлар фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири бўлган халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда валюта муомаласига талабчанлик кучайиши хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид