Отам ҳаёт, саксонга кирганлар, ҳалиям соғлом ва тетик. Ҳозирга қадар томорқада ишлайди: ўзи экади, ўзи ўради. “Отажон, қўйинг энди ишлашни, оёқ узатиб дам олинг, санаторияларга бориб, маза қилиб юрмайсизми?”, дейман. “Болам, қўл-оёғи соғ бўла туриб ҳам ишламасдан бўларканми, бекорчидан Худо безор...”, дейди. Умрим давомида отамнинг бекор турганини кўрмадим, Худога хуш келмайдиган ишлардан ҳамиша нарида бўлган.
Эсимда, биз болалари бўлар-бўлмасга вақтимизни йўқотсак “вақт ўғриларисан”, деб қаттиқ койирди. Ҳайратларим, бутун умри далада меҳнат билан ўтган отам пенсияга чиқиб, араб ёзувини мукаммал ўрганди, “Қуръони карим”ни аслида ўқийди. Томорқадан олган даромади ва нафақа пулларини йиғиб, Ҳаж сафарларига бориб қайтди. Ҳали ҳам қўли ишда, кўзи китобда. Қишлоғимизда Ортиқ бува деганлари бор, 90 ёшда, лақаби “Япон бобо”, кўрсангиз шу ёшида ҳам икки йигитнинг ғайрати бор дейсиз, велосипедни ёш боладай учириб ҳайдайди, шу ёшида ҳам мақомларни қойиллатиб куйлайди. Томорқасида тинмайди. “Япон бува, уйқусида ҳам ишлайдиганлар хилидан”, дейди у ҳақида ҳамқишлоқларим.

Ўтган йили таътилда Бухоронинг Лабиҳовузида томоша қилиб юрсак, хорижий меҳмонларни етаклаб, уларга таржимонлик қилиб юрган, қорачадан келган бир бола эътиборимни тортди. 12-13 ёшлардаги бола инглиз тилида балодай гапирарди, гўё инглиз тилини сув қилиб ичган дейсиз.
— Тирикчилик қандай бўляпти? — ҳазиллашдим мен.
— Бўлопти, куния 20-30 доллардан, — деб жавоб беради йигитча бухороча шевада жилмайиб.
Отам, ҳамқишлоғим Ортиқ бува ва таржимон болани умумлаштириб турган бир жиҳат бор. Бу улардаги ғайрат, шижоат, тиниб-тинчимаслик... Ғайратли, тиниб- тинчимас, юрагида ўти бор одамлар... Уларнинг мақсадига етиш йўлида ҳар қанча қаршилик қилинг, йўлини тўсинг уларга писанд эмас, керак бўлса, учиб ўтадилар. Аслида, улар ҳам биз каби оддий инсонлар: кулади, ишлайди, нафас олади... Лекин улар гўё бизнинг оламимиздан эмас, гўё Яратган эгам бандаларининг бахтли, фаровон ҳамда хотиржам яшаши учун уларнинг қалбига туганмас ва ўчмас бир чўғ солиб қўйган. Биз дам олаётганимизда улар ишлаётган, ухлаётганимизда улар фикрлаётган бўлади. Ҳаловатини йўқотиб ҳаловат, хотиржамлигини йўқотиб хотиржамлик топади улар.

Баъзан ўйланиб қоламан. Навоий бобомиз ўзига тўқ, таъбир жоиз бўлса, бир умр ётиб еса ҳам тугамайдиган даражада мулкдор бўлган. Ҳукмдорнинг дўсти, тинч-хотиржам ва фароғатда яшаса бўларди-ку?! Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва ал Бухорийларнинг илми уларни ўз юртида ҳам боқишга етарди. Нега улар чексиз машаққат, саргардонлик, мусофирлик ва риёзат йўлини танладилар?! Нега!?
















