Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) PISA-2025 халқаро баҳолаш дастури натижаларини эълон қилди.

Унда Ўзбекистон ўқувчилари табиий фанлар йўналишида 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллади.

438 балл – табиий фанлар йўналишидаги ўртача балл (482 балл)дан паст, аммо Ўзбекистоннинг 2022 йилги натижасидан сезиларли юқори.

Ўзбекистон 2022 йилда, ушбу халқаро тадқиқотдаги илк иштирокида табиий фанлар бўйича 355 балл билан 80-ўринни қайд этганди. 2025 йилги натижа қарийб 83 баллга ошган.

Табиий фанларда базавий даража ва ундан юқори натижа кўрсатган ўзбекистонлик ўқувчилар улуши 2022 йилда 19 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилда 65 фоизга етган. PISA-2025 тадқиқотида базавий даража иккинчи даража бўлиб, ўқувчининг кундалик ҳаётда зарур бўлган асосий билим ва кўникмаларни қўллай олишини англатади.

“Рақамли дунёда ўрганиш” йўналишида эса Ўзбекистон ўқувчилари 402,4 балл қайд этиб, 91 та мамлакат ва таълим тизими орасида 72-ўринни эгаллади.

Ўзбекистонда PISA тадқиқоти. 2025 йил, май / Фото: Мактаб вазирлиги

Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича натижалари юзасидан қўшимча таҳлиллар олиб борилмоқда.

“Ўзбекистон бўйича математика ва ўқиш саводхонлигига оид жавоблар маълумотларида қўшимча ўрганишни талаб қиладиган бир қатор номутаносибликлар аниқланди. Бу номутаносибликлар айрим мактаблар ва ҳудудларда кўпроқ учрайди ҳамда мазкур жавоблар маълумотлари асосида ҳисобланган шкала балларини бошқа мамлакатлар натижалари ва турли йиллардаги кўрсаткичлар билан таққослаш имкониятини чеклайди.

Бошқа йўналишлар – “табиий фанлар” ва “рақамли дунёда ўрганиш” бўйича жавоблар маълумотларида бундай муаммолар кузатилмаган ва улардан натижаларни эълон қилишда фойдаланиш мумкин”, – дейилади ИҲТТ эълон қилган PISA-2025 ҳисоботида.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига