Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз. Россия Киевга яна баллистик ракеталар билан зарба берди, Эрон АҚШга қарши янги «иқтисодий уруш» бошланишидан огоҳлантирди. АҚШ президенти Дональд Трамп эса Ойга нисбатан даъво билан чиқди.
Германияни эгаллаётган радикаллар
Ўта ўнг қанотдаги «Германия учун муқобил» партияси Саксония-Анҳалт федерал ҳудуди парламенти сайловларида ишончли ғалабага эришди.
Ушбу партия 43,8 фоиз овоз тўплаган. Бу партиянинг ҳудудий парламент сайловларида қайд этган энг юқори натижасидир. Бунинг эвазига партия Саксония-Анҳалтнинг 83 ўринли парламентида 39 та мандатга эга бўлади. Мутлақ кўпчилик учун эса 42 та мандат зарур.
Христиан-демократик иттифоқи 17,2 фоиз овоз тўплаган. Бу ХДИ учун ҳудудий сайловлар тарихидаги энг ёмон натижа бўлди – партия 2021 йилги натижадан икки баравар кам овоз олди ва 1998 йилги тарихий антирекорддан ҳам паст натижани қайд этди.
ХДИ етакчиси ва Германия канцлери Фридрих Мерц Берлиндаги матбуот анжуманида ўз партияси мағлубиятидан «қаттиқ ларзага тушгани»ни айтди. «Бундай бўлишини кутмагандик. Натижани тан олишимиз керак; демократиямиз қоидалари шундай. Аммо кеча нафақат Саксония-Анҳалтда, балки бутун Германия бўйлаб нимадир ўзгарди», – деди у.
Шу тариқа, ултра ўнг кучлар Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда илк бор ҳукумат шакллантириш имкониятига эга бўлди. Мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмагани сабабли ушбу партия коалицион ҳукумат тузишига тўғри келади. Германиянинг етакчи партиялари, шу жумладан, ХДИ «брандмауэр» сиёсатига амал қилади – Германияда ўта ўнг партиялар билан ҳамкорлик қилишни рад этиш шундай аталади. Бироқ парламентга ўтган яна бир партия «Сара Вагенкнехт иттифоқи» ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Бу партияда 5 та мандат бор.
Зарбалар алмашинуви тикланди
АҚШ президенти элчиларининг Москва ва Киевга ташрифлари арафасида Россия ва Украина ўртасида ҳаво зарбалари бўйича уч кунлик тақиқ муддати якунланиб, яна ўзаро зарбалар алмашинуви бошланди.
Хусусан, Россия Украина пойтахтига навбатдаги марта баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Бу АҚШ президенти элчилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Киевни тарк этишидан кўп ўтмай рўй берган.
Киев шаҳри мэри Виталий Кличкога кўра, зарба оқибатида камида олти киши жароҳатланган. Беш қаватли турар жой биноси шикастланган, шаҳарнинг бир неча ҳудудида ёнғин чиққан. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган одамларни изламоқда.















