Спорт | 17:36 / 06.12.2018
4481
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги кубоги мусобақаси ўз якунига етди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг мамлакат футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда журналистлар ва нашриёт ходимлари  ўртасида ўтказган мини-футбол мусобақаси ниҳоясига етди.
 
Беш кун давомида 24та жамоа олти гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб борди. 

Учинчи ўрин учун баҳсда майдонга “Шарқ” нашриёти ва “Халқ сўзи” газетаси таҳририяти вакиллари тушишди. Муросасиз ва кескин ўтган ўйинда газета ходимлари ғалаба қозонишди. 
 
Финалда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг МТРК жамоаси Zoʻr TV жамоасига қарши саф тортди. Чинакам жанговар кайфиятда ва деярли тенг курашлар остида ўтган учрашувда МТРК жамоаси Zoʻr TV жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
 
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Ўктам Ҳамроев ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Сардор Раҳматуллаев биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган МТРК, Zoʻr TV ҳамда “Халқ сўзи” газеталари жамоаларига олтин, кумуш ва бронза медалларини, шунингдек, дипломларни топширишди.  Ғолиб жамоага ўн миллион сўм, совриндорларга эса саккиз ва олти миллион сўм пул мукофотлари, китоблар жамланмасидан иборат махсус совғалар тақдим этилди.
 
Аксарият мусобақаларда бўлгани каби, бу турнирда ҳам энг яхшилар аниқланди. Жумладан, энг яхши дарвозабон Жамолиддин Ҳикматов (Zoʻr TV), энг яхши ҳимоячи Ҳакимжон Йўлдошев (“Халқ сўзи”), энг яхши ярим ҳимоячи Азимжон Имомов (“Шарқ”), энг яхши тўпурар Муҳаммадали Ўктамов (“Ўзбекистон” НМИУ) ҳамда энг яхши ўйинчи Жаҳонгир Қаюмов (МТРК) деб топилди ва уларга ҳам махсус совғалар топширилди.
 
Бу мусобақада иштирок этган Kun.uz сайти жамоаси гуруҳ босқичидан ўтолмаган эди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги кубоги
6 декабрь

Учинчи ўрин учун баҳс
“Шарқ” - “Халқ сўзи” – 0:2
 
Финал
Zoʻr TV – МТРК – 0:2

Мавзуга оид