Каспийдаги фожиа
24 сентябр куни қозоғистонлик ҳарбийларнинг Каспий денгиз қирғоғидаги машғулоти чоғида тўсатдан кучайган шамол 17 кишини очиқ денгизга олиб кетди. Расмийларга кўра, фожиада ҳарбийлардан 14 нафари ҳалок бўлган, уч киши қутқарилган. Жума куни 09:15 да охирги икки жасад топилгач, қутқарув операцияси якунланди.
Фожиа бир неча кун аввал бошланган йирик ҳарбий машғулот доирасида юз берди. 22 сентябр куни Каспийнинг Қозоғистон секторида бошланган машғулотларда 500 дан ортиқ ҳарбийлар, жанговар кемалар экипажлари ва чегарачилар иштирок этаётганди.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги фожиа ўқув-жанговар вазифа бажарилаётганда юз берганини айтиш билан чекланди. Ҳарбийлар кемадан сувга тушиб кетганми ёки қирғоқда турган бўлганми, аниқ айтилмаган.
Аниқроқ тафсилотларни оқтовлик блогер Азамат Сарсенбаев берган, лекин бу расман тасдиқланмаган. Унинг маълумотига кўра, ҳарбийлар «Қайсар» ҳарбий кемасидан тахминан бир метр чуқурликка десант туширишни машқ қилган. Об-ҳаво кескин ёмонлашгач, тўлқин 17 кишини денгизга олиб кетган: 15 матрос, битта офицер ва битта контракт асосидаги ҳарбий. Сарсенбаев яна шундай ёзган: ҳарбийлар сувга тушиб, тўлиқ экипировкада бўронли ҳавода қирғоқ томон юра бошлаганда, тахминан икки метр чуқурликдаги жойга тушиб қолиб чўкишган.
Фожиадан сўнг ҳукумат комиссияси тузилди. Ички ишлар вазирлиги Жиноят кодексининг 2 та моддаси: «оғир оқибатларга олиб келган хизматга бепарволик» ва «кема бошқариш қоидаларини бузиш» бўйича иш қўзғатган. 30 нафар ҳарбий амалдор сўроқ қилинган, гумондорлар бор.
Қидирувга шахсан мудофаа вазири раҳбарлик қилди. Операцияга жалб қилинган 252 нафар шахсий таркиб, 34 та махсус техника, 37 ҳарбий ғаввос, кема ва вертолётлар иш олиб борди.
Фожиа мамлакат бўйлаб кенг акс садо берди. Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев 25 сентябрни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Расмийлар ҳалок бўлганларнинг оилаларига барча ёрдам берилишини маълум қилди.
Шу билан бирга, жамоатчиликда саволлар кўпаймоқда. «Қазгидромет» 24 сентябрда шамолнинг секундига 15–20 метргача кучайишини башорат қилган, шунга қарамай машғулотлар ўтказилган. Бундан ташқари, ҳозирча об-ҳаво фожианинг ягона сабаби экани айтилмаган. Худди шу ҳудудда 2015 йил 18 сентябрдаги ҳарбий машғулотларда ҳам 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлганди.
















