Каспий денгизидаги ўқув машғулоти чоғида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиши ортидан Қозоғистон мудофаа вазирлигининг беш нафар амалдори ҳибсга олинди.
Қозоғистон ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, беш нафар расмий шахс – Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, иккита ҳарбий қисм командири, пиёдалар ротаси бошлиғи ҳамда катер командири хизматга совуққонлик билан қарашда ва навигация қоидаларини бузишда гумонланмоқда.
Гумонланувчиларнинг барчаси Ақтау шаҳри полиция бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Судга қадар тергов Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси назоратига олинган.
Терговчилар улар томонидан қабул қилинган қарорлар қанчалик тўғри бўлгани, хавфсизлик талабларига қанчалик риоя этилгани, об-ҳаво шароитлари қанчалик ҳисобга олингани, шунингдек, катернинг техник ҳолати қандай бўлганини текширмоқда.
Тергов давомида ишда янги фигурантлар пайдо бўлиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.
24 сентябр куни Каспий денгизида ўтказилган машғулот чоғида об-ҳаво кескин ёмонлашиши оқибатида фожиа рўй берди. Бу вақтда соҳилга патрул катердан десант тушириш бўйича машғулот ўтказилаётганди, кучли шамол ва тўлқин 17 нафар ҳарбийни денгиз ичкарисига олиб кетган. Улардан уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлардан 12 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарлар эди, шунингдек, қурбонлар орасида бир лейтенант ва бир сержант ҳам бор.

















