Вазирлар Маҳкамасининг 3.12.2018 йилдаги 979-сон қарори билан юқори технологик бизнес-лойиҳаларни молиялаштириш, илмий ишни ишлаб чиқиш, тижорат сирини ташкил этувчи объектлардан фойдаланиш учун муаллифлик мукофоти тўлаш тартиби тасдиқланди.

Norma хабарига кўра, ҳужжат президентнинг 14.07.2018 йилдаги ПҚ-3855-сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинган. У ўз ичига илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини самарали тижоратлаштириш механизмларини олади. Хусусан:

• 1 октябрдан патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига, шунингдек илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этганларга қўшимча мукофот жорий этилди;

• муассасалар илмий кенгашлари ноу-хау ёки тижорат сири режимида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг интеллектуал натижасини қўриқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Президентнинг 6.08.2018 йилдаги ПҚ-3899-сон қарори билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилди. Шу муносабат билан вазирликка тегишли регламентга солувчи низом ишлаб чиқиш топширилди. Улар ҳақида батафсил – қуйида ўқинг.

Жамғарма лойиҳаларни молиялаштиришга ёрдам беради

Қуйидагиларни молиялаштириш Жамғарманинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

• юқори технологик бизнес стартаплар;

• таъсисчиларидан бири устав фондига ўз улуши сифатида интеллектуал мулк объектини ёки тайёр технологияни киритиш орқали янги тузилаётган тижорат ташкилотининг устав капиталига инвестиция қилиш мақсадида тадбиркорлик лойиҳалари;

• илмий натижаларни татбиқ этиш, кейинчалик серияли ишлаб чиқариш учун инновацион маҳсулотнинг тажриба-саноат партияларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирлар.

Молиялаштиришга ариза бериш учун Инновацион ривожланиш вазирлигига мурожаат қилиш ва тасдиқланган рўйхатга биноан ҳужжатлар пакетини тақдим этиш зарур. Кейинги лойиҳаларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш тартиб-таомили ижро этиш муддатлари билан илова қилинган схемада келтирилган.

Лойиҳаларни баҳолаш долзарблик, инновацион йўналтирилганлик, бозорда маҳсулотга талабнинг мавжудлиги ва бошқалар каби 8 та асосий мезон бўйича амалга оширилади.