Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази YouTube платформасининг Ўзбекистонда реклама даромадларидан фойдаланиш (монетизация) хизмати ёқилишининг иқтисодиётга таъсири ва мавжуд тўсиқларини таҳлил қилди.

YouTube монетизациясининг иқтисодиётга таъсири

YouTube монетизацияси 108 та давлатда ёқилган бўлиб, Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистонда мавжуд. Россия (санкциялар сабаб) ва Хитойда хизмат ёқилмаган.

Маданий ва креатив соҳадаги маҳсулотларнинг дунё ялпи ички маҳсулотидаги ўрни 3,1 фоизни ташкил этади ҳамда жаҳонда иш билан банд аҳолининг 6,2 фоизи ушбу соҳага тўғри келади.

Ўзбекистонда креатив индустрия соҳасига оид 9,6 минг корхонада 84 минг нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Креатив иқтисодиётнинг умумий иқтисодиётдаги улушини 2030 йилгача 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.

2025 йил январ ойи ҳолатига 33,9 млн мобил алоқа фойдаланувчилари, 32,7 млн интернет фойдаланувчилари мавжуд. Фаол ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 11,7 млн нафар бўлиб, мобил интернет ўртача тезлиги 37,82 мб/с, симли (ўзгармас) интернет тезлиги 79,06 мб/с.

Ўзбекистонда 2,3 млн Facebook, 11,7 млн Instagram, 2,6 млн TikTok, 250 минг Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси мавжуд бўлиб, веб трафикнинг 66 фоизи Instagram, 13 фоизи Pinterest, 8 фоизи Facebook, 6,3 фоизи YouTube тармоғига сарфланади.

Ҳозирда Ўзбекистонда ойлик фаол фойдаланувчилар YouTube'да 13 млн кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич Telegram’да 20 млн, Meta (Instagram ва Facebook)да 10 млн. 

ИТИМ таҳлилларига кўра, монетизация хизмати ёқилиши натижасида Ўзбекистонда маҳаллий реклама бозори ҳажми ошади. 2024 йилда реклама бозори 2,1 трлн сўм бўлиб, шундан 29 фоизи рақамли рекламага тўғри келади (20 фоиз ташқи реклама, 51 фоиз телерекламалар).