«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
Унинг билдиришича, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда халқ билан мулоқотларда билдирилаётган таклифлар асосида келгусида ижтимоий соҳада қатор вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади.
«Биринчидан, Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умумэътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш зарур.
Бу борада ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахсларни, эҳтиёжманд ва ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни арзон уйлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келаётганимиз барчангизга маълум. Жорий йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд ана шундай оила арзон уй-жойлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, 30 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларга умумий қиймати 3,6 миллиард сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилди. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанди ва бу мақсадлар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ана шундай хайрли ишларимизни келгусида ҳам тизимли равишда давом эттирамиз, албатта.
Конституциямизда аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминоти келгуси йилларда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолади. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилади ва ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланади.
Иккинчидан, тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Шифокорлик касбини эгаллаш осон иш эмаслигини, бу инсондан машаққатли меҳнат, мустаҳкам ирода ва матонат талаб этишини ортиқча тушунтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Лекин, шу ўринда савол туғилади: биз тиббиёт ходимларига етарли шароит яратиб бердикми? Уларнинг маошлари, меҳнат шароитлари қилаётган хизматларига муносибми? Афсуски, йўқ.
Жорий йил 1 декабрдан тиббиёт ходимлари ойлигини оширдик, бу – биринчи қадам. Келгуси йилда бу борада бошлаган ишларимизни давом эттирамиз.

















