Лойиҳага кўра, талаблар уран қазиб олиш билан шуғулланувчи, ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади. Конни ўзлаштириш лойиҳаси радиацияни бошқариш режасини ҳам ўз ичига олиши лозим бўлади.
Режани радиациявий хавфсизлик учун масъул шахс ишлаб чиқиши, у Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишилиши ва Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раҳбарияти томонидан тасдиқланиши кўзда тутилган.
Режа камида ҳар беш йилда бир марта, шунингдек, радиациявий хавфсизликка таъсир қилувчи технологик ўзгаришлар киритилганда қайта кўриб чиқилиши таклиф этилмоқда. Ер қаъридан фойдаланувчилар ҳар йили 31 декабрга қадар унинг бажарилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши назарда тутилган.
Ҳужжатда режани кўриб чиқиш учун беш иш кунигача муддат белгиланмоқда. Таклиф ва эътирозлар бўлмаса, тасдиқланган режа бир иш куни ичида ер қаъридан фойдаланувчига юборилиши лозим. Асослантирилган эътирозлар мавжуд бўлса, улар ҳақида уч иш кунидан кечиктирмай ёзма хабар берилиши, қайта ишланган таҳрир эса ўн иш куни ичида тақдим этилиши кўзда тутилган.
Ходимларни ҳимоя қилиш ва радиация назорати
Лойиҳада ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, индивидуал нурланиш дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш чоралари назарда тутилган. Шунингдек, ходимларни радиациявий хавфсизлик бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиблари режада акс эттирилиши керак.
Иш жойларида гамма нурланиш, радон концентрацияси ва ҳаводаги радиоактив аэрозоллар мониторингини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Режада ўлчаш усуллари ва даврийлиги, натижаларни сақлаш ва таҳлил қилиш тартиби ҳамда назорат даражалари ошганда кўриладиган чоралар белгиланиши лозим бўлади.
Қазиб олиш ишларини радиоактив чанг ҳосил бўлиши ва радон ажралишини камайтирувчи технологиялар асосида олиб бориш кўзда тутилган. Рудани қайта ишлаш қувватларини ёпиқ сув айланиш тизимлари ва фильтрлаш воситалари билан жиҳозлаш, автоматлаштирилган радиация назорати ҳамда огоҳлантириш тизимларидан фойдаланиш ҳам назарда тутилмоқда.
Атроф-муҳит ва радиоактив чиқиндилар
Режада кончилик ишлари бошланишидан олдин ҳудуднинг радиациявий-экологик ҳолати қайд этилиши керак. Фаолият давомида атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари, тупроқ ҳамда биологик объектлар мониторинги ва даврий лаборатория таҳлилларини ўтказиш таклиф этилмоқда.

















