DW хабарига кўра, Манғистау вилояти маъмурияти фожиа ҳақида 24 сентябр куни маълум қилган.

Об-ҳаво шароити кескин ёмонлашиб, шамол кучайиши оқибатида 17 нафар ҳарбийни денгизга олиб кетган. Уларнинг уч нафари қутқарилган, 12 нафари ҳалок бўлган.

Ҳодисадан кейин тиббиёт муассасасига етказилган ҳарбий хизматчининг аҳволи барқарор экани, ҳаётига хавф йўқлиги билдирилган.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев ҳукумат комиссияси йиғилишини ўтказган. Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адиловнинг маълум қилишича, оғир оқибатларга олиб келган хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш ва кема бошқариш қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳодисага айбдор шахсларни аниқлаш мақсадида тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари, шунингдек, экспертизалар ўтказилмоқда.

Расмийлар ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

«Каспий мудофааси — 2026» машғулотлари 22 сентябрдан буён ўтказилмоқда. Унда 500 нафардан ортиқ ҳарбий, жумладан, жанговар кемалар экипажлари ва қирғоқ бўлинмалари иштирок этмоқда.

Машғулотларга Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг Манғистау вилояти бўйича қирғоқ қўриқлаш кучлари ва воситалари, шунингдек, Қозоғистон Қуролли кучларининг Ҳаво мудофааси кучлари ҳам жалб қилинган. Уларнинг мақсади жанговар шайлик ва кучлар ўртасидаги ҳамкорлик даражасини оширишдан иборат.