00:33 / 08.12.2018
52936

«Мингбулоқнефть»да нима гаплар? — нефть конидан фоторепортаж

Дарҳақиқат, шумхабар яшин тезлигида тарқайди. Кеча кўплаб интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятидаги “Мингбулоқнефть” ҳудудида нимадир гумбурлагани ҳақида турфа янгиликлар берилди. Вилоятнинг икки-учта туманларида яшовчи аҳоли айнан Мингбулоқ тумани томонидан ваҳимали овоз келганини эшитган.

Наманганча парадокс. Гумбурлашни эшитганлар овоз ҳақидаги хабарларни ёлғонга чиқаришди, овоз қаердан чиққани сирлигича қолмоқда

Андижон вилояти Улуғнор туманининг “Чўлобод” ва “Бўстон” маҳаллалари қўшни вилоятнинг Мингбулоқ тумани билан чегарадош. Мазкур ҳудуддан нефть конигача бўлган масофа 4–5 километрни ташкил этади. Икки маҳалла аҳоли вакиллари ҳам гумбурлашни эшитишганини, лекин унинг айнан “Мингбулоқнефть” томонидан келганини аниқ айтиша олишмади.

Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, “Андижоннефть” ҳиссадорлик жамияти бошқаруви раиси Мансурбек Давлатовга мурожаат қилдик. Мутасадди нефть конига бориб, иш жараёни ва у ердаги ҳолат билан танишишимиз мумкинлигини айтди.

Биз “Андижоннефть” ва Хитойнинг “CNODC” компанияси таъсисчилигида ташкил этилган “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасидамиз. Мазкур қўшма корхона Мингбулоқ конида қидирув ишларини амалга ошириш ва нефть қазиб чиқариш мақсадида ташкил қилинган.

Ўқувчилар учун қизиқарли маълумот: Шу кунгача олиб борилган бурғилаш ишлари давомида 5918 метр қудуқ кавланиб, иккита объектда нефть ва газ борлиги аниқланган. Айни пайтда учинчи объектнинг маҳсулдорлигини аниқлаш жараёни кетмоқда.  

 

Қўшма корхонада 100 нафар мутахассис фаолият юритади. Уларнинг ярми чет эллик мутахассислардир.

Нефть конидаги ҳолат билан қўшма корхона бош муҳандиси Исроилхўжа Улуғхонов ҳамроҳлигида танишиб чиқдик. Кунлик иш жараёни авжида. 

 

“Кўриб турганингиздек, объектда хавфсизликка жуда катта масъулият билан эътибор берилади. Барча ишчилар махсус кийимлар билан таъминланган. Уларнинг барчасининг кийимига заҳарли газ ҳиди сезилиши билан сигнал берувчи мосламалар ўрнатилган. Ҳар бир жараён доимий назорат остида олиб борилади. Фавқулодда ҳолатларда ишчиларнинг қандай ҳаракатланиши борасида мунтазам машғулотлар ўтказилади. Вилоят ва туман ёнғин хавфсизлиги билан доимий ҳамкорликдамиз”, — дейди Мансурбек Давлатов 

Ўқувчилар учун қизиқ бўлган кечаги гумбурлаган товуш ҳақида бош муҳандисдан сўраймиз. У “Жуда ҳайронман, кеча бизнинг нефть конида умуман фавқулодда вазият ва портлаш ҳолатлари бўлмади. Ўзимиз ҳам интернет нашрларидан ўқиб билдик”, дейди мутахассис. 

Дарҳақиқат, конда умуман портлаш асоратлари йўқ. Яна кечаги хабарларда “Мингбулоқнефть” ҳудудига хавфсизлик нуқтаи-назаридан постлар қўйилиб, аҳоли ўтказилмаётгани ҳақида айтилган эди. Биз мақола тайёрлаш мақсадида қўшма корхонага кираётганимизда “Дамас” автомашинаси тўла йўловчилар маскан дарвозаси олдига келиб, коннинг ёнида суратларга тушиб ҳам кетишди. Кечаги воқеага қизиқиб бу жойга келаётганлар кўп экан.

Рости, мақола билан танишаётган ўқувчида: “Унда портлаш товушининг сабаби нима?”, “Журналист ниманидир биздан яшириб, воқеани хаспўслашяпти шекилли?”, деган саволлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун мақолада фотолавҳаларга катта эътибор бериб, “Мингбулоқнефть” конининг барча томонларини кўрсатишга уриндик.

Аҳоли вакиллари орасида ҳудуддаги метан газ қуйиш шохобчаларидан бирида юк машинаси газ баллони портлагани ҳақида тахминлар юрибди.

Портлаш кон ҳудудида бўлмаса, атрофдаги қайсидир объектда бўлган. Чунки, бирданига минглаб одамларда — “қулоғига портлаш товуши эшитилиши” синдроми учрамаса керак?

“Мингбулоқнефть” ходимлари бундай воқеа содир бўлмаганини такрор айтишди ва биз ҳам кон ҳудудида салбий ҳодисанинг бирор асоратини кўрмадик.

Тегишли идоралар воқеани текшириб, асл ҳақиқатни етказади, деган умидимиз бор.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид
Top