Айни вақтда хорижга чиқиш паспортининг жорий этиш масаласи юзага чиқиши билан «фуқаронинг нечта паспорти бўлади»​, деган савол ва мавзу атрофидаги мулоҳазалар кўпчиликни ўйлантирмоқда. 

2019 йил 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этилиши Президентнинг 2017 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»​ги Фармонида таъкидланган эди. 

Унда хорижий паспортга доир барча саволларга аниқ жавоб берилган. Масалан, фуқаролар 2021 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда мамлакатдан чиқиши мумкин​. Бироқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун паспортидаги рухсат ёзуви стикерининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатларга кириш учун амалдаги паспорти ҳақиқий ҳисобланмайди. ​

Хўш, хорижга чиқиш учун алоҳида паспортнинг амалиётга киритилишига нима сабаб бор эди?

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Санжар Қосимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, хорижга чиқиш паспорти ўзбекистонликларнинг талаб ва таклифлари билан жорий этилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган паспортга эҳтиёж ҳам бунга сабаб бўлди. 

«Унинг амалдаги паспортдан фарқи шундаки, 48 варақдан иборат, ранги тўқ қизил бўлади, чунки ривожланган давлатларнинг паспортлари айнан шу тусда. Бунда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (IKAO)нинг тавсияларига таянилди. Энг қизиқарли томони шундаки, хорижий паспортда юртимиздаги қадимий обида ва қадамжоларнинг тасвири ҳам туширилади. Бу, мамлакатимизнинг туристик имкониятларини кенгайтириш мақсадида қилиняпти. Ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати 10 йил»​, - дейди у.

Бундан аввал, янги намунадаги паспортда «миллати» устуни олиб ташланиши ҳам айтилганди. Мутахассис мавзуга оид яна бир қанча саволларга жавоб бериб, фуқаро энди нечта паспортга эга бўлишига ойдинлик киритди.

«Амалдаги биометрик паспорт ўз кучида қолади. Фақат чет элга чиқмоқчи бўлган фуқароларга янги жорий этилган фуқаролик паспорти берилади. Унинг афзаллиги ўзида электрон маълумотларни сақлайди ва бошқа ортиқча ҳужжатларни талаб қилмайди. Кўпчиликда савол пайдо бўлди: хорижий паспорт билан чет элга чиқиб кетаётганда ҳозирги биометрик паспортни топширишимиз керакми? Йўқ, иккала паспорт ҳам шахснинг ўзида сақланади», - дейди у.