Кучи етмайдиганлар учун маслаҳатлар

Тадбиркор ва шахсий ривожланиш бўйича блог муаллифи Скотт Янг (Scott Young) унга тетик юриш ва мақсад сари олиб борувчи йўлда ортга қайтмасликка ёрдам берадиган маслаҳатлар билан ўртоқлашди. Уларни ўз ҳаётингизга татбиқ этишга ҳаракат қилинг.

   1. Ухлашга эрта ётинг

Агар доимий равишда уйқуга тўймасангиз, унумдорлик кўрсаткичи пасаяди.

Вазифа: бир ой давомида соат ўнда ухлашга ётинг. Ҳар куни, ҳатто дам олиш кунларида ҳам.

   2. Спорт билан ҳар куни шуғулланинг

Жисмоний машғулотлар – қувватингиз учун узоқ муддатли сармоя. Жисмоний фаолликсиз саломатликнинг умумий кўрсаткичи тушади. Демак, фикрлаш ва диққатни бир ерга жамлаш қийинлашади.

Иш жадвалингизда спорт залига бориш учун вақт қолмаса, кун давомида тортилиш ёки бёрпи машқларини бажаринг. Бу машқлар қон айланишини яхшилайди, шу билан бирга кўп вақт олмайди. Агар имконият бўлса, мазкур машғулотларга фитнесни ҳам қўшиш мумкин.

Вазифа: кунига ҳеч бўлмаганда 10 та бёрпи қилинг.

    3. Кундуз куни мизғиб олинг

Бу дангасалик эмас, организм ва хотира учун ижобий натижа келтирадиган фойдали одат. Жуда кўп маълумотни эслаб қолишни истасангиз, кундузги уйқу айниқса фойдали. Бундан ташқари, у кишига қўшимча қувват беради.

Муҳими – узоқ ухламаслик. Будильник жиринглаши билан уйғониш ва яна уйқуга кетишга йўл қўймаслик. Агар кундузги уйқу жуда чўзилиб кетса, чуқур фазага ўтасиз ва янада ланж ҳолда уйғонасиз.

Вазифа: тушликдан кейин мизғиб олиш ва кучларни тиклаш учун ухлашга 20 дақиқа ажратинг.

    4. Мураккаб ишларни тонгда бажаринг

Иш кунининг илк тўрт соати – муҳим иш учун энг қулай вақт. Шундай экан ишга имкони борича эртароқ киришинг. Чунки зарур иш бажарилганида кайфият яхшиланади, ўзимизни унумли ҳисоблаймиз. Бироқ агар тонгда вақтимизни электрон почта, мажлис, қўнғироқларга сарфласак, ҳеч қандай фойдали иш билан шуғулланмаймиз, аксинча куннинг иккинчи қисмида кучсизликни ҳис этамиз.