«Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Norma томонидан кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг бир қатор ҳужжатлари билан тадбиркорлик субъектларида текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Ишлаб чиқилган қонунда бир қатор янги нормалар таклиф этилган.
Қонуннинг янги номи унинг амал қилиш соҳасини торайтиради
Ҳужжатнинг номи ўзгармоқда. Ҳозир у қуйидагича номланади: «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида», бундан кейин эса – «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида». Мазкур ҳолат ҳужжатни қўллаш соҳасига киритилган ўзгартиришларни акс эттиради. Чунончи, хўжалик юритувчи субъект атамаси тадбиркорлик субъекти тушунчасидан кенгроқ. Бизнесдан ташқари, у давлат муассасалари, ННТ, норезидентларнинг доимий муассасалари ҳамда ваколатхоналарини (юридик шахс ҳисобланмайди) қамраб олади. Тегишинча, янги ном ҳужжатнинг субъектлар бўйича амал қилиш соҳаси қисқартирилганидан далолат беради.
Қонун қуйидаги текширишларни тартибга солмайди:
• «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун доирасида ўтказиладиган;
• коммунал хизматлар етказиб берилиши, истеъмол қилиниши ҳисоби тўлиқ ва тўғри юритилиши ҳамда ҳисоб-китоби ўз вақтида амалга оширилиши;
• қўзғатилган жиноят иши, шунингдек жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга ошириладиган терговга қадар текширув доирасида ўтказиладиган;
• давлат муассасаларининг фаолияти;
• нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти, улар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ҳоллар бундан мустасно;
• норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари ҳамда ваколатхоналарининг фаолияти;
• тадбиркорлик субъектлари ва/ёки уларнинг муассислари ташаббусига кўра ўтказиладиган.
Бизнесни давлат томонидан назорат қилувчи «учта наҳанг»
Лойиҳа ишлаб чиқувчилари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш деганда нимани тушуниш керак эканлигини тушунтиришга ва ушбу атама моҳиятини бизнес учун мақбул этиб кўрсатишга уриниб кўрганлар. Бу – назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйиладиган қонунбузарликларнинг олдини олиш, фош қилиш ва бартараф этиш фаолияти. У учта шаклда: профилактик тадбирлар, текширишлар ва текширувдан кейин таҳлил ўтказиш орқали амалга оширилади.

















