Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабрь куни янги қабул қилинган солиқ сиёсати концепциясини амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Очиқ-ошкора ва адолатли солиқ тизими иқтисодиёт ривожининг энг муҳим асосидир. Лекин юртимизда ҳозиргача амал қилиб келинаётган солиқ маъмуриятчилигида кўплаб ноаниқликлар борлиги бизнес, тадбиркорлик, инвестиция соҳалари равнақига тўсиқ бўлаётган эди. Ставкаларнинг юқорилиги инсофли солиқ тўловчиларни қийнаб келарди. Мисол учун, корхона фойдасидан қатъи назар, товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида давлат мақсадли жамғармаларига ажратма тўлаб келинган. Бу солиқ юки корхона даромадининг камида 21 фоизига тенг бўлиб, уларнинг рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришига халал берарди.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш ва чинакам бозор иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида қабул қилинган ушбу концепцияда бизнес учун жуда катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар назарда тутилган. 

Хусусан, келгуси йилдан бошлаб солиқ турлари 19тадан 15тагача қисқармоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди. Яна бир муҳим жиҳати, энди солиқ ставкалари аввалгига ўхшаб кескин ўзгарувчан бўлмайди. Бу инвесторларга узоқ муддатли бизнес лойиҳаларини режалаштиришда қийинчилик туғдирмайди. Янги солиқ концепциясида, юқорида қайд этилган, товар айланмасидан ажратма тўлаш тартиби ҳам бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида йирик корхоналар ўз ихтиёрида 5 триллион сўмдан ортиқ маблағларни сақлаб қолади.

Шу каби енгилликлар туфайли Халқаро валюта жамғармаси солиқ тизимининг ислоҳ этилишини Ўзбекистоннинг энг катта ютуқларидан бири деб эътироф этди. Бир сўз билан айтганда, солиқ маъмуриятчилигида янги тизим яратилди. Навбатдаги вазифа уни амалиётга тўлиқ татбиқ қилишдир. Видеоселектор йиғилишида бу тизимни оқилона йўлга қўйиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида

2019 йил 1 январдан бошлаб, ходимлар сонидан қатъи назар, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтади. 

Шу ўринда, нима учун умумбелгиланган солиқ тўловчилари сонини кўпайтиришга қарор қилинди, деган табиий савол туғилади.