Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи Комилжон Алламжоновга очиқ хат

Журналистика соҳасида йигирма йилдан ортиқ ишладим. Ёзмаган, ўрганмаган, кўтармаган мавзум қолмади. Топганларимдан йўқотганларим кўп бўлди. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам касбимни яхши кўраман.

Янги йилга саноқли кунлар қолди. Эски йилни тугатиш арафасида ғалвирни сувдан кўтарамиз. Ўз-ўзимизга ҳисоб берамиз. Қилган баъзи ишларимиздан кўнглимиз тўлади, баъзиларидан тўлмайди, улгуролмаганларимизни келгуси йилга қолдирамиз.

Ҳар соҳада ўзгаришлар, ҳар соҳада янгиликлар... баъзида шошиб қолаяпмиз. Журналистларнинг шарт-шароити яхшиланиши ҳақидаги гапларга ҳам бир йилдан ошди. Озроқ натижаларга эришгандекмиз. Эркин сўз, эркин фикр айтиш ҳуқуқи берилди. Шарт-шароитимиз, обуна муаммоларидан ҳам кўра, эркин фикримиз эркин юзага чиқаётганидан кўпроқ хурсандмиз. Аммо бугун журналистикамизнинг аҳволи қай даражада? Бизга қандай журналистика керак?

Бизга яхши журналистларни талашадиган, «мана бу мақолани ёзиб беринг, сизга бошқалардан кўпроқ пул тўлайман», деб савдолашадиган журналистика керак.

«Рим таътиллари» ҳақидаги кинони эслаб кўрайлик-а? Маликанинг ҳаёти ҳақидаги мақола учун муҳаррирнинг мухбир билан суҳбати эпизоди. Албатта моддий аҳволи яхши бўлмаган оммавий ахборот воситалари яхши журналистдан ҳадеб мақола сўрашга истиҳола қилади-да. «Бизга шу мавзуни ёзиб беринг», деб сўрай деса моддий аҳвол чатоқ, шу боис тил қисиқ. Барибир ҳамкасбларимнинг бағрикенг. Мақоласи чиққанига хурсанд. Яхши мақола ёзсангу қалам ҳақи олмасанг ҳам чиққанига хурсанд бўлиб юраверасан. Бу бизнинг беқадрлигимизни кўрсатмайдими? Баъзида газеталар мақола сўраса, «қалам ҳақи беролмаймиз-да опа», деган минг истиҳола билан айтадиган гапларини эшитмаслик учун ҳам дарров рози бўлиб қўя қоламан. Чунки уларни тушунаман. Бизга муҳаррирлари истаган мухбирга истаган мавзуда бошини баланд кўтариб буюртма бериши учун моддий томондан қўллаб- қувватланган журналистика керак.

Чегараларни бузиб яхши бир мақола ёзганингда, чегарани бузиб ўша яхши мақолангни тезда саҳифага қўйиб юборадиган муҳаррирлари бор, сен чегарани бузиб ёзган, раҳбаринг чегарани бузиб қўйган мақола учун қаерларгадир жавоб беришига тўғри келганида сени ҳимоя қиладиган, қўллаб-қувватлайдиган, ҳатто қўлингга кишан урилса олиб қола оладиган уюшмаси бор журналистика керак бизга.

Нимага ҳар бир таҳририятда нари борса икки ёки уч нафаргина яхши журналист бўлади. Қолганлар-чи, улар нега ўзини кўрсатмайди? Агар мана шу иқтидори бор икки уч нафар журналист «эркалатилса», рағбатлантирилса, ноҳақликка учрамаса, яхши ёзган мақолалари учун бошқаларга ўрнак қилинса уларнинг ҳам қалбидаги чўғ аланга олади. Атрофидаги юраги ўт ҳамкасбининг алал-оқибат ҳеч нарсага эришмаётганини кўрган бошқалар албатта ҳафсаласиз бўлиб қолади-да. Бизга мухбир бирор мақола устида столни муштлаб муҳаррири билан тортишиб қолса-да, муҳаррири уни қўйиб юбормайдиган журналистика керак.