2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россияда хорижий фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар сони 40 фоизга камайиб, 14,5 мингтани ташкил этди. Бу ҳақда Россия ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Андрей Кикот президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.

Таққослаш учун, ўтган йил якунларига кўра хорижликлар томонидан 41 мингта жиноят содир этилган эди.

Кикот ушбу кўрсаткичнинг пасайишини, жумладан, миграция хизмати ваколатлари кенгайтирилгани билан изоҳлади. Ҳозир асосий эътибор «уюшган жиноий гуруҳларни, ноқонуний миграция каналларини ва қалбаки ҳужжатлар тайёрлайдиган яширин босмахоналарни аниқлашга» қаратилмоқда. Аниқланган уюшган гуруҳлар сони 30 фоизга ошди.

Хорижликлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг ярмидан сал ками Москва шаҳри, Москва вилояти ва Санкт-Петербург ҳиссасига тўғри келади. Бошқа ҳудудларда бу кўрсаткич ўртача 2–3 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, ИИВ миграция назоратини кучайтирди. Рейдлар сони 155 мингтага, текширилган юридик шахслар сони эса 43 фоизга кўпайди. Россиядан 100 мингга яқин хорижлик чиқариб юборилди, улардан 75 минг нафари мажбурий тартибда. Қонунчиликни бузган 197 минг нафар хорижликнинг мамлакатга кириши тақиқланди.

Бундан ташқари, аниқланган қалбаки ва қасддан ёлғон маълумотлар киритилган ҳужжатлар сони ўн баравар ошди. Текширувлар якунлари бўйича вақтинча яшаш учун 20 мингта рухсатнома ва яшаш гувоҳномаси бекор қилинди.

Транспорт тугунларида ва давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари яқинида миграция назорати пунктлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда шундай 23 та пункт фаолият кўрсатяпти. Кикотнинг сўзларига кўра, янги механизм ноқонуний муҳожирларни чегара пунктларидан ўтказмасликка ҳамда қонунбузарликдан сўнг Россияни тарк этаётган хорижликларнинг мамлакатга «қайта кириш йўлини тўсишга имкон беради».

ИИВ кўрилган чоралар натижасида Россияда бўлиб турган хорижликлар сони 8 фоизга қисқарганини қайд этмоқда. Шу билан бирга, «қонуний меҳнат қилаётган мигрантлар сони ортиб бормоқда».

2027 йилда ИИВ сунъий интеллектдан ҳам фойдаланадиган таҳлилий марказни ишга туширишни режалаштирмоқда. У чегара ва миграция назорати, юзни таниш камералари, иш берувчилар ҳамда давлат органларининг маълумотларини бирлаштиради.

ИИВ маълумотларига кўра, ҳар йили Россияга 9 миллионга яқин хорижлик келади. Айни вақтда мамлакатда 6–6,5 миллион нафар хорижий фуқаро, жумладан, 3 миллионга яқин меҳнат мигранти ва уларнинг 1,7 миллион нафар оила аъзоси истиқомат қилади.