Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимияти давлат хизматчиларига ижтимоий тармоқларда қимматбаҳо харидлар ва ҳашаматли буюмларни намойиш қилмасликни тавсия этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида хабар берилди.
«Давлат хизматчилари шуни инобатга олиши керакки, харид қилиш учун аниқ қонуний манба мавжуд бўлмаган тақдирда қимматбаҳо буюмлар, ҳашаматли нарсалар, дам олиш ва бошқа моддий неъматларни ижтимоий тармоқларда намойиш этиш фуқароларда асосли саволлар туғдириши ҳамда давлат хизматчисининг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, давлат хизматчиларига, агар давлат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид келса, ижтимоий тармоқлардан товар, хизмат ёки тижорий фаолиятни реклама қилиш ва тарғиб этиш учун фойдаланмаслик тавсия қилинди.
Бундан ташқари, мансаб мавқейи, давлат рамзлари ёки давлат идораси ресурсларидан шахсий манфаатларда фойдаланиш сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган постлардан тийилиш лозимлиги таъкидланди.












