Ўзбекистон | 12:30 / 28.12.2018
13475
2 дақиқада ўқилади

Судьяларни тайинлаш ваколати Судьялар олий кенгашига тўлиқ берилиши керак — Президент

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳаси олдида турган асосий устувор вазифаларга эътибор қаратилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

«Судьяликка номзодларни танлаш такомиллаштирилиши лозим. Шаҳар ва туманлар судьяларни тайинлаш судьялар олий кенгашига берилиши керак. Ҳозир эса ҳамма ҳуқуқ президентнинг қўлида.

Судья бўйича менга олиб келади, зўр дейди, мен қўл қўяман, эртага 6 ойдан кейин коррупцияга аралашиб, ишдан кетади. 

Энди президент қўл қўймайди, бу ишни судьялар кенгаши қилади», деди президент.

Президент бу жараёнда жамоатчилик иштирокини ошириш зарурлигига урғу қаратган.

«Судьялар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш зарур. Бунинг учун туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини тайинлаш вазифасини судьялар ҳамжамияти тўлиқ ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада жамоатчилик фикри ва улар олдидаги ҳисобдорлик масаласи тўлиқ ўз ифодасини топиши зарур», дея президент сўзларини келтирган ЎзА.

«Ҳозирги кунда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашнинг тизими бутунлай ўзгараётир. Бу жараёнга ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш учун номзодлар очиқ, ошкора ва муқобил танлов асосида танлаш жорий этилган. 

Эндиликда Президентимиз томонидан қўйилаётган талаблар асосида судьяларни танлашда жамоатчилик фикри ва улар олдидаги ҳисобдорлик масаласи тўлиқ ўз ифодасини топади. Бу ушбу тизимда шаффофлик таъминланиши ва муҳими, муносиб шахслар судья бўлишига йўл очади.

Туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини тайинлаш вазифасини судьялар ҳамжамияти тўлиқ ўз зиммасига олиши эса тизим зиммасига қўйилган масъулиятни янада оширади», дейилади хабарда. 

Мавзуга оид