Шўрчи деҳқон бозори. Одамлар кўз ўнгида қотиллик юз берди: ёнма-ён жойлашган ошхона эгаларининг жанжали ўлим билан тугади. Икки эркак ёқалашаркан, бирининг жияни кабоб сихини олиб чиқиб, тоғаси билан муштлашаётганнинг орқа курагига санчди ва уни ўлдирди. Суд тоғани 15,5, жиянни 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Апелляция суди дастлабки суд тасдиқлаган қасддан одам ўлдириш жиноятини безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишга ўзгартириб, жазони енгиллаштирди. Марҳумнинг яқинлари буни адолатсизлик деб ҳисобламоқда.

“Ҳаётдан маҳрум қилиш қасди билан ҳаракат қилмаган ва ўлим юз беришини истамаган”. Сурхондарёда апелляция суди айни шу жумла билан қасддан одам ўлдириш жиноятини қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятига ўзгартирди ва тайинланган жазони енгиллаштирди. Ҳолбуки, “ўлим юз беришини истамаган” судланувчи ошхонадан кабоб сихини олиб чиққан ва тоғаси билан уришаётган эркакнинг ортидан бориб, унинг кўкрак қафасига (!) санчган.

Жиноят тафсилоти

Жиноят 2025 йил 16 июл куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги деҳқон бозорида содир этилган. 1990 йилда туғилган Улуғбек Бўриев ўзига қўшни ошхона эгаси – 1987 йилда туғилган Элбек Эшматов билан жанжаллашган. Ошхона эгалари бир-бири билан муштлашиб, ёқалашаётганда ҳар икки томоннинг яқинлари, ўтиб-қайтувчилар уларни ажратиб қўйишга уринишган. Шунда Улуғбек Бўриевнинг ошхонасида ишловчи 16 ёшли жияни Озодбек Болтаев кабоб сихини олиб чиқиб, тоғаси билан уришаётган Элбек Эшматовнинг орқасидан кўкрак қафасига санчган.

Элбек Эшматов зарбадан ўзини йўқотиб, ўтириб қолган. Сўнгра уни шифохонага олиб кетишган. Бироқ эркак ўзига етказилган жароҳат оқибатида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Озодбек Болтаев санчган кабоб сихи Элбек Эшматовнинг қовурғалари орасидан кириб, чап ўпкасини тўлиқ тешиб ўтган.

Ҳолат юзасидан тоға ва жиянга Жиноят кодексининг 97-моддаси “ж, л, п” бандлари – ўта шафқатсизлик асосида, безорилик оқибатида бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш билан жиноят иши қўзғатилган. 2025 йил 17 июл куни Озодбек Болтаевга ҳамда 18 июл куни Улуғбек Бўриевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Дастлабки суд ҳукми

Тоға-жияннинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судида судя Тўлқин Абдираимов раислигида кўриб чиқилиб, 2025 йил 10 декабр куни ҳукм ўқилган.